ЎФA ва МОҚ «Олимпия» футбол клубини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди. Про лигада клублар сони ошади
Якшанба, 13 Декабр
4712

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти футбол бўйича Олимпия терма жамоасини шакллантириш ва уларнинг шуғулланиши учун барча шароитларни яратиш масалалари бўйича учрашув ўтказишди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар берган. 

«Унда ЎФA президенти Aбдусалом Aзизов, ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ раиси ўринбосари Сакен Полатов иштирок этди.

Учрашувда Париж-2024 Олимпия ўйинларининг футбол баҳсларига тайёргарлик кўрадиган Темур Кападзе бошчилигидаги ёшлар жамоасидан иборат клуб тузилиб, жамоа учун замонавий база шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама олиб борилди.

«Олимпия» номи остида тузиладиган бўлажак жамоа янги мавсумдан бошлаб Про-лигада иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, клуб Тошкент вилоятидаги «Евросиё» (собиқ «Дўстлик») спорт мажмуасида қўним топади. Учрашувда базадаги шароитлар яқиндан ўрганилиб, қилиниши керак бўлган қўшимча вазифалар белгилаб олинди. Унда комплекс таркибига 50-60 ўринли кичик меҳмонхона, қўшимча майдонлар қуриш, объектнинг инфратузилмасини қайта реконструкция қилиш каби хулосаларга келинди.

Бу лойиҳаларнинг барчаси Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига футбол бўйича Олимпия миллий жамоамизнинг лицензия олишини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Олимпия жамоасини шакллантириш бўйича бундай амалиёт ўзбек футболи тарихида биринчи бора амалга оширилмоқда. 4 йил аввал олимпия жамоасини шакллантирилиб, яхлит клуб сифатида мусобақаларда иштирок этиши футболчиларни янада жипслаштириб, уларда мунтазам ўйин амалиёти бўлиши таъминлайди», - дейилади хабарда.

Маълумот учун, жорий йилги Про лига баҳсларида 8 жамоа иштирок этди. «Олимпия» клуби қўшилса, мусобақадаги жамоалар сони 10тага етказилиши мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар