«Якуний қарор чиқмасидан туриб, «Орол» Суперлигада ўйнайди, деб ёзиш тўғри бўлмайди» - Диёр Имомхўжаев
Жума, 11 Декабр
4264

ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев «Орол» клубининг Суперлигада иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси борасида ўз фикрини билдирди.

«Суперлигада қанча клуб иштирок этиши масаласи ЎФА Ижроқўмининг 28 ноябрь кунги йиғилишида кўтарилган ва унда «Орол» клубининг истисно тариқасида Про лигада иштирок этиши масаласи бўйича муҳокама борган. Ўша масала бўйича биз Қорақалпоғистонда бўлдик, сафар хулосаларини аввалроқ тақдим этгандик.
Футбол жамоатчилиги масалага вазмин ёндошиши тўғрироқ бўлади. Чунки бугун эълон қилинган материал муҳокамага қўйилган, якуний қарор чиқмасидан туриб, «Орол» Суперлигада ўйнайди, деб ёзиш тўғри бўлмайди. Боз устига муҳокамада Суперлига иштирокчилари сони ҳақида сўз ҳам йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас.  
ФИФА ҳукуматнинг футболга ғамхўрлигини қадрлайди, ўз навбатида спорт тамойилларига ташқи аралашув бўлишига йўл ҳам қўймайди. «Орол» футбол клубининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун сезиларли ҳаракатлар бўлаётгани рост, аммо бу клубнинг бирданига Суперлигада ўйнашини англатмайди», - дея ёзади ПФЛ раҳбари.

Аввалроқ, «Қорақалпоғистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш, «Орол» футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилиниб, 2021 йилдан бошлаб «Орол» жамоасининг Суперлигада истисно тариқасида иштирок этишини таъминлаш кўзда тутилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар