«Пахтакор» – «Андижон» ўйини ўтказилмайди. Андижонда янги жамоа тузилади
Пайшанба, 27 Август
911

«Андижон» футбол клуби молиявий муаммолар исканжасида қолгани ўз тасдиғини топди. Бу жамоа ҳаттоки сафар ўйинларига бориб келиш учун йўл кира ҳамда кунлик овқатланиш ҳаражатларига пул топа олмайдиган ҳолатга тушиб қолган.

Шу боис аввалги турдан кейин жамоанинг барча ўйинчилари уйларига кетказиб юборилди. Бош мураббий Виктор Кумиков берган маълумотга қараганда, жамоада фақатгина нигериялик ўйинчи, жамоа бошлиғи ва мураббийнинг ўзи қолган. Бундай вазиятда «Пахтакор» билан ўйин ўтказиш у ёқда турсин, ҳаттоки машғулот ташкил этишнинг ҳам иложи йўқ. Амалдаги чемпионга қарши ўйин бўлмаслиги расман эълон қилинди ҳам.

Ҳозирги вазият андижонлик футбол мухлисларини жиддий ташвишга солаётгани бор гап. Зеро, улар футболсиз яшай олмайдилар ва шу кунгача жамоага қўлларидан келганича ёрдам бериб келдилар. Энди уларни фақат битта савол ўйлантиряпти: Андижонда футбол қайта тикланадими?

Андижон вилояти футбол ассоциациясининг маълум қилишича, бугунги кунда «Андижон» клубини янги таркибда шакллантириш, клуб инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда жамоани босқичма-босқич маҳаллийлаштириш бўйича вилоятдаги футбол мутахассислари ва масъул ходимлар томонидан тизимли режа ишлаб чиқилмоқда.

«Вилоятда футбол ўлгани йўқ, аксинча вилоят футболини юқори даражага олиб чиқиш бўйича кенг қамровли ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Клубни хусусий секторга ўтказиш ҳамда ўзини-ўзи молиялаштириб бориш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Вилоят ёшларидан ташкил топган рақобатбардош янги жамоа ташкил этиш асосий мақсад ҳисобланади», дейилади вилоят футбол ассоциацияси берган баёнотда.

Бу режаларнинг тўлиқ амалга ошиши, табиийки, молиявий масалаларга бориб тақалади. Агар мутасаддилар масала ечимини топа олишса, Андижонга янги футбол нафаси кириб келади.

Ўйлаймизки, янгитдан шакллантириладиган «Андижон» жамоаси миллий чемпионатда муносиб иштирок этадиган, мамлакат миллий жамоаларига лойиқ ўйинчиларни етиштириб берадиган жамоага айланади. Зеро, андижонлик минглаб ишқибозлар мана шундай жамоани кўришни хоҳлайдилар.

Элмурод Эрматов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар