«Андижон» футбол клуби жиддий огоҳлантирилган ҳолда «Пахтакор» билан ўйинга қўйилади
Пайшанба, 27 Август
6140

Кеча, 26 август куни соат 13:53 да “Андижон” футбол клуби ўзининг U-21 жамоаси “Пахтакор”га қарши учрашувга молиявий қийинчиликлар сабаб етиб кела олмаслигини маълум қилди. ЎзПФЛ мазкур хатга асосан ўринбосарлар учрашувини бекор қилиб, “Андижон” U-21 жамоасига техник мағлубият ёзди. 

“Бугун, 27 август куни соат 10:47 да “Андижон” футбол клуби ўзининг асосий таркиби ҳам “Пахтакор” билан учрашувга юқоридаги сабаб туфайли кела олмаслигини маълум қилди. Расмда келтирилган хат асосида ЎзПФЛ учрашувни бекор қилди. Бу хабар “Пахтакор” футбол клубига, учрашув хавфсизлиги учун жавобгар бўлган Ички ишлар органларига, “Локомотив” стадиони маъмуриятига, учрашув трансляцияси учун жавобгар бўлган “Спорт” телеканалига маълумот учун тақдим этилди. 

“Андижон” клубининг биринчи хатидан 1 соат-у 20 дақиқа ўтиб, клуб учрашувда иштирок этмоқчи экани борасида хат йўллади. Ҳар икки хат вице-президент Маъруф Абдусаломов томонидан имзоланган.

ЎзПФЛ ҳар қандай ҳолатда ҳам футбол учрашувларини ўтказиш учун ҳаракат қилади. Шундан келиб чиқиб, бекор қилинган барча тадбирлар қайта тикланади ва умид қилинадики, “Андижон” клубининг бу каби масъулиятсизлиги қайта такрорланмайди. ЎзПФЛ Маъруф Абдусаломовдан ўз ишига масъулият билан ёндошишни, шунингдек, клуб уставида қайд этилмаган вице-президент лавозими билан эмас, айнан уставда мавжуд лавозим билан хатларга имзо чекишни сўрайди”, - дея ёзилади ПФЛ расмий сайтида.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар