Муҳсин Муҳаммадиев «Бухоро» машғулотларини тарк этди. Клуб собиқ мураббийи жамоага қайтди
Шанба, 18 Июль
6051

«Бухоро» клуби раҳбариятидаги ўзгаришлардан кейин жамоа мураббийлар штабида ҳам ўзгариш кузатилди.

Tribuna.uz манбасининг маълум қилишича, жамоа бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев клубни расман тарк этмаган бўлса-да, бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида жамоа машғулотларида иштирок этмаяпти. Унинг ёрдамчилари Олег Ширинбеков ва Нурулло Ҳабибов ҳам жамоани тарк этган. Маълумотларга кўра, клуб Муҳаммадиев билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилгач у ҳам жамоани расман тарк этади. 

«Бухоро» клуби бош директори сифатида Алишер Рустамов фаолият бошлагач, жамоа собиқ мураббийи Жамшид Саидов клубда техник директор сифатида фаолият юритмоқда. Жамоа машғулотлари ҳам айнан ушбу мутахассис қўл остида ўтмоқда. Собиқ ҳакам Ҳасан Рўзиев ҳам «Бухоро» жамоаси билан бирга бўлса-да, унинг айнан қайси лавозимда фаолият юритиши ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий мутахассис Жамшид Саидов 2015-2016 йилларда ҳам «Бухоро» клубида фаолият юритган. Унинг сўнгги клуби «Андижон» жамоаси бўлиб, Саидов Александр Хомяковга ёрдам берган ва март ойида россиялик мураббий билан бирга клубни тарк этганди. Ҳозирда Хомяков «Бухоро» бош мураббийи лавозими учун асосий номзод бўлиб турибди. 

Маълумот учун, «Бухоро» Суперлигада 8 ўйиндан кейин 2 очко билан сўнгги поғонада бормоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар