Илҳом Шарипов «Динамо»дан истеъфога чиқди, клубга янги раҳбар тайинланди 
Шанба, 13 Июн
3508

13 июнь куни «Динамо» жамоаси қароргоҳида клуб раҳбарияти иштирокида йиғилиш ўтказилди, дея хабар бермоқда клуб матбуот хизмати.

«Унда Самарқанд шаҳар ҳокими, «Динамо» ПФК президенти Бобурмирзо Облоқулов, Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев иштирок этишди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.

«Динамо» клуби бош менежери лавозимида ишлаб келган Илҳом Шарипов ўз аризасига биноан жамоа раҳбарлигини тарк этди. Вилоят ва клуб раҳбарияти томонидан Учқун Қобилов «Динамо» ПФК жамоаси бошлиғи сифатида таништирилди.

«Динамо» ПФК жамоаси клубдаги фаолияти учун Илҳом Шариповга миннатдорчилик билдириб, унинг кейинги фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қолади», - дейилади клуб расмий хабарида.

Қайд этилишича, клуб ва вилоят раҳбарияти «Динамо» жамоаси бош мураббийлиги учун номзод мураббийлар билан музокара олиб бормоқда. Бу борада бир қарорга келинса, клуб томонидан эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, яқинда клуб бош мураббийи Тачмурод Агамуродов ва ёрдамчи мураббий Рафаэль Баласанян ҳам жамоани тарк этишганди.

Маълумот учун, Илҳом Шарипов 2016-2020 йиллар давомида клуб бош менежери сифатида фаолият олиб борди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар