«Мураббийнинг жамоада қолиш-қолмаслиги сўроқ остида». Муҳсин Муҳаммадиев Бухоро вилоят ҳокимидан узр сўради
Жума, 20 Март
6150

Суперлиганинг янги мавсумидаги дастлабки уч учрашувини сафарда ўтказган «Бухоро» клуби кетма-кет уч ўйинда ҳам мағлубиятга учради. «Қўқон-1912», «Пахтакор», «Локомотив» жамоаларига қарши меҳмонда кечган беллашувларда бухороликлар жамоаси 0:3 ҳисобидаги мағлубиятлар билан қайтди.

Бухоро вилоят ҳокимияти ахборот хизматининг хабар беришича, қониқарсиз натижалардан кейин Бухоро вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов клуб бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев билан учрашган.

«Албатта, ушбу натижалар нафақат футбол ишқибозлари, қолаверса, мутасаддиларни ҳам ранжитгани рост. Шунингдек, мухлисларнинг «Бухоро» футбол клуби фаолиятидан хавотирланиб, ижтимоий тармоқлар орқали вилоят ҳокимига йўллаган мурожаатларини инобатга олиб, Карим Камолов жамоа бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев билан суҳбатлашди. Мулоқотда клубга мавсум аввалида барча шарт-шароитлар яратиб берилганига қарамасдан жамоанинг оғир вазиятга тушиб қолиш сабаблари, ундан чиқиб кетиш имкониятлари қай даражада эканлиги, жамоага таклиф этилган легионерлар масаласи хусусида сўз борди. Вилоят раҳбари тожикистонлик мутахассисга бухоролик футбол мухлислари юксак ишонч билдиргани, бироқ жамоа кўрсатаётган натижалар бунинг акси бўлаётганини айтиб, ўз эътирозларини билдирди. Муҳсин Муҳаммадиев Карим Камоловдан вазиятни ўнглаш учун яна бир бор имкон беришини сўради. Кўринадики, воқеалар ривожи шу тахлит давом этаверса, Муҳаммадиевнинг жамоада қолиш-қолмаслиги сўроқ остида. Биз эса яхши умидлар билан жамоа ўйинини кузатамиз», - дейилади Бухоро вилоят ҳокимияти хабарида.

Маълумот учун, Бухородаги стадион мавсумга ҳали тайёр эмаслиги сабабли клуб учрашувларни ўз уйида ўтказа олмаяпти. Номаълум муддатга қолдирилган Суперлига 4-турида «Бухоро» Муборакда «Андижон» жамоасини қабул қилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар