Ўзбекистон УЕФАга ўтадими? Равшан Эрматов жавоб берди
Жума, 13 Март
19079

9-13 март кунлари УЕФА делегацияси Ўзбекистонда бўлди. UEFA assist ташаббуси доирасида Ева Паске бошчилигидаги делегация ЎФА ва ПФЛ фаолияти билан танишди. 13 март куни «Ҳилтон» меҳмонхонасида ташриф якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов ва УЕФА халқаро алоқалар бошқармаси раҳбари Ева Паске журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Равшан Эрматов ЎФА УЕФА билан пиар учун муносабатлар ўрнатмаганини таъкидлади:

«Бизга ҳамкор эмас, дўст керак. Ҳамкор билан дўстнинг фарқи бор. Дўст камчиликларимизни юзимизга айтади, уларни тўғрилашда ёрдамлашади. УЕФА айнан шундай ташкилот. Улар аллақачон биз ўтишимиз керак бўлган йўлни босиб ўтишган, биздан 20-30 йил олдинда. Умид қиламанки, УЕФА вакилларининг маслаҳат ва ёрдамлари натижасини беради».

Ева Паске УЕФА Ўзбекистон миллий жамоасига Европа жамоалари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишга ёрдамлашишини айтди.

«Ўзбекистонга 14 йил аввал келганман. Ижобий ўзгаришларни кўряпман.

Ўзбекистон миллий жамоасининг Европа жамоалари билан ўртоқлик баҳс ташкил этишларида ёрдам бера оламиз. Масалан, Миллатлар Лигасида айрим гуруҳларда 3тадан жамоа бор. Табиийки, ҳар турда 1та жамоа бўш бўлади. Шунингдек, бошқа халқаро мусобақаларда ҳам Ўзбекистон қатнашиши мумкин.

Лекин биз асосий урғуни аёллар ва болалар футболига қаратганмиз».

Шунингдек, УЕФА вакиласи ўзбек футболидаги камчиликлардан бирига тўхталиб ўтди:

«Асосий камчилик – болалар футболидаги мураббийлар маошининг озлиги. Шунинг учун сифатли ёшлар мураббийлари кам. Борлари ҳам тезроқ катталар футболига ўтиб, кўпроқ пул топишни истайди. Ёшлар мураббийларининг малакасини ошириш, маошига эътибор бериш керак».

Равшан Эрматов Ўзбекистон Қозоғистон каби УЕФАга ўтмаслигини, келгусида бундай режа йўқ эканлигини яширмади:

«УЕФА ёрдам беради, аммо биз расман ОФК аъзосимиз. УЕФАга аъзо бўлиш режамизда йўқ»

Эрматовнинг айтишича, телетрансляциялар масаласини яхшилаш ва мухлислар ташрифини ошириш асосий масалалардан биридир:

«Мухлис бўлмаса, футбол ўйнашнинг нима кераги бор? Унда маҳаллага маҳалла ўйнаб қўйса ҳам бўлади-ку. Бу – юрагимни тирнайдиган мавзулардан бири. Стадионларга борамиз, атиги 2-3 минг мухлис бор. Шунча ишни ким учун қиляпмиз?

Трансляциялар йилдан йилга яхши бўлиб бормоқда. 2021 йилдан ҳар бир стадионда камида 6та HD камера ишлайди.

Сифатли камера етишмаса, VАR тизимининг фойдаси йўқ. Масалан, Суперлиганинг 1-турида «Сурхон» – «Бунёдкор» баҳсида 1та камера ишлаган, такрорлар сифати яхши эмас. Бундай ҳолатда VAR ҳам ёрдам бера олмайди».

Мухбир Аъзамжон Иззатиллаев,
тасвирчи Нуриддин Нурсаидов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар