Иорданияда ўтаётган бокс бўйича лицензион турнирда -63 килограмм вазн тоифасидаги ярим финал баҳсларига ҳам навбат берилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Ушбу вазн тоифасида юртдошимиз Элнур Абдураимов финал йўлланмаси учун жанг олиб борди. Мўғилистонлик тажрибали Чинзориг Батарсухга қарши баҳс олиб борган юртдошимиз мухлисларга яна бир ғалаба тақдим қилди. Жанг давомида ўзининг аниқ ва кучли зарбалари билан ажралиб турган Элнурнинг ҳаракатларини ҳакамлар якунда юқори баллар билан эътироф этишди. Абдураимов энди ҳал қилувчи беллашувда қозоғистонлик Закир Саифуллин билан ҳисоб-китоб қилади.
Ярим финал беллашувларини вакилларимиз орасида Шаҳобиддин Зоиров бошлаб берди. -52 килограмм вазн тоифасида Токио Олимпиадасига йўлланма олган вакилимиз ярим финалда таиландлик Тутисан Панмот билан баҳс олиб борди. Афсуски, мазкур баҳс таиландлик боксчининг ғалабаси билан якунланди ва Зоиров мусобақанинг бронза медали билан тақдирланди.
-69 килограмм вазн тоифасида боксчиларимиздан Бобоусмон Батуров Токио Олимпиадасига йўлланма олган эди. Қуръа ҳамюртимизга ярим финал босқичида мезбонларнинг ишонган боксчиси Ҳуссейн Иашашни рўбаро қилди. Кескин ва муросасиз кечган баҳсда мезбон спортчининг қўли баланд келди. Шу тариқа Батуров терма жамоамизнинг иккинчи бронза медалига муаллифлик қилди» - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Бобоусмон Батуров, Санжар Турсунов, Шаҳобиддин Зоиров, Баҳодир Жалолов, Элнур Абдураимов ва Миразизбек Мирзахалиловлар Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқишганди.