Токио-2020. Лицензияларимиз камлигининг сабаби маълум қилинди (видео)
Чоршанба, 26 Феврал
3943

Япониянинг Токио шаҳрида ўтадиган ХХХII Олимпия ўйинлари бошланишига 5 ой, ХVI Паралимпия ўйинлари стартига эса 6 ой вақт қолди.

26 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Олимпиада бўйича тезкор штаб фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ва Ўзбекистон делегациясининг спорт экипировкалари тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда Tribuna.uz мухбири хабар бермоқда.

МОҚ Олимпия спорт турлари фаолиятини координация қилиш департаменти директори Алишер Каримов нега кам лицензия қўлга киритилганига изоҳ берди.

«Олимпия ўйинлари учун 17та, Паралимпия учун 16та лицензияни қўлга киритдик. Лицензияларимиз камлигига сабаб – кўп мусобақалар коронавирус туфайли қолдирилди. Май охиригача лицензияларимиз миқдори ошади», – деди Алишер Каримов.

Шунингдек, МОҚ вакили допинг туфайли Олимпия ўйинларидан четлатилган эркин курашчи Ҳасанбой Раҳимовга тегишли чора кўрилиши мумкинлигини айтди:

«Раҳимовда қайси модда бўйича допинг аниқлангани маълум эмас. Эҳтимол, бу шамоллашга қарши олинган уколдан бўлиши мумкин. Барчаси аниқ бўлса, ассоциация спортчига чора кўради».

Тезкор штаб бошлиғи, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов Олимпиадагача бўлган вазифаларни санаб ўтди:

«Вазифаларимиз лицензиатларнинг жисмоний ҳолати, уларнинг кун тартиби, овқатланиши, витаминизациясига эътибор беришдан иборат. Ҳар бир лицензиатнинг психологик ҳолатини ўрганган ҳолда уларга индивидуал равишда ўқув-машғулот режасини ишлаб чиқамиз».

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори Халида Камилова спорт экипировкалари ва расмий либослар тўғрисида маълумот берди:

 «2019 йил август ойида экипировка бўйича танлов эълон қилинган эди. Уч жараёнда энг яхши лойиҳаларни танлаб олдик. Якунда Токио иқлими, намлиги инобатга олинган ҳолда кийимлар яратилди, шунинг учун либосларнинг 95 фоизи пахтадан.

Экипировкаларга шахсан президентимиз эътибор бердилар ва либосларни мамлакатимизда тайёрлаш кераклигини, уларда миллий нақшлар ҳам бўлиши шартлигини айтдилар».

Унинг қўшимча қилишича, бу либослар ҳали тўлиқ тасдиқдан ўтмаган ва ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар