Андижонда банк ходимлари ўртасида мини-футбол мусобақаси якунига етди
Шанба, 07 Декабр
2033

Спорт кишининг соғлиги ва самарали меҳнат қилиши учун катта куч бериши ҳаммага аён.

Андижонда спортнинг барча турлари, айниқса футболни оммавийлаштириш бўйича ташкил қилинаётган тадбирлар аҳоли ва ишчи-хизматчилар ўртасида “миллионлар ўйини”га бўлган қизиқишни оширмоқда.

Андижон вилоят футбол ассоциацияси, вилоят Марказий банк бошқармаси билан ҳамкорликда банк ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш учун спорт тадбири ташкил қилди.

Мусобақада 18та тижорат банклари 4 гуруҳга бўлинган ҳолда шаҳардаги Андижон вилояти ареналарида куч синашдилар.

7 декабрь куни мусобақанинг финал ўйини ва тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Финал мусобақасида ўз гуруҳида барча рақибларини енгган Халқ банки АТБ ва Асакабанк АТБ жамоалари ўзаро куч синашди. Кўплаб тамошабинлар иштирокида бўлиб ўтган ўйинда Халқ банки жамоаси ғалаба қозонди.

Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида сўз олган Андижон вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Бекзодбек Каримов ҳамда вилоят Марказий банк бошқармаси раҳбари Элёрбек Усмоновлар турнирда фаол иштирок этган жамоаларга ўз миннатдорчилигини билдирдилар. Турли йўналишларда ўзини намоён этган ҳаваскор футболчиларга алоҳида совғалар берилди.

Совриндор жамоалар медаллар ва мукофотлар билан тақдирланиб, ғолиб Ҳалқ банки жамоасига вилоят Марказий банк бошқармаси раҳбари Элёрбек Усмонов томонидан кубок топширилди.

Элмурод Эрматов, Андижон

Теглар

Ўхшаш янгиликлар