«Динамо» суперлигада қололмаган ва «Насаф» мухлислари «Бухоро»ни олқишлаган ўйиндан фотогалерея
Шанба, 30 Ноябр
2802

Суперлига 26-турининг аҳамиятли ўйинларидан бири Қаршида ўтказилди. Унда лигада қолиш учун курашаётган «Динамо» маҳаллий «Насаф» меҳмони бўлди. «Динамо» суперлигада қолиш учун фақат ғалаба қозониши ва нариги ўйинда «Бухоро»нинг мағлубиятини кутиши керак эди. Агамуродов шогирдлари ғалаба қозонишни амаллашди, аммо «Бухоро» ҳам ўз ўйинида ғолиб бўлиб, лигада қолди.

Ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимни эса жуда фаол бошлаган самарқандликлар иккита гол уришди. Аввалига Ихтиёр Тошпўлатовнинг узатмасини тўхтатмай дарвозага йўллаган Амиржон Сафаров супер гол уриб жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, кўп ўтмай захирадан ўйинга қўшилган Обид Жўрабоев бурчак зарбасидан сўнг бош билан гол урди ва «Динамо»нинг устунлигини мустаҳкамлади.

Азиз Ғаниевнинг чиройли голи эса «Насаф»ни мағлубиятдан қутқариб қолмади. Ўйин охирида «Насаф» уюштирган штурмга дош берган самарқандликлар мавсумни ғалаба билан якунлашди. Шу тариқа «Динамо» суперлигадаги бир мавсумдан сўнг яна қуйи лигага тушиб кетди.

Қаршидаги ўйин охирида ўз жамоаларининг ўйинидан норози бўлган қаршилик мухлислар «Бухоро»ни олқишлашди. Чунки параллел ўтган ўйиннинг 90+3-дақиқасида пенальтидан гол урган бухороликлар ОКМКни мағлуб этиб, суперлигада қолишди. Tribuna.uz мухбири ўйинни Қаршидаги стадионда кузатди ва қуйида «Насаф» — «Динамо» ўйинидан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Суратлар муаллифи: Ўткир Жалолхонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар