Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралашини шармандали мағлубият билан бошлаганидан сўнг кўпчилик Эктор Купер истеъфога чиқиши кераклиги ҳақида гапира бошлади. Бундай вақтда футбол мутахассислари нима фикрда экани кўпчиликка қизиқ. Шу боис, айни дамда Қатар футбол ассоциациясида фаолият юритаётган ўзбекистонлик таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев билан суҳбат уюштирдик. Никимбаевдан нафақат Купер ҳақида, балки Ўзбекистон футбол ассоциацияси фаолияти, у мухлислик қиладиган «МЮ» клуби ҳақида ҳам сўрадик.
— Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичини муваффақиятсиз бошлади. Нима деб ўйлайсиз, Эктор Купер миллий терма жамоамизга қайси жиҳатдан мос келмади?
— Купернинг услуби нафақат бугунги миллий жамоага, балки бутун ўзбек футболига мос келмади, деб ўйлайман. Чунки бизнинг футболчилар доим ҳужумкор ўйинни яхши кўрган. Купер эса ҳимоявий футболни олиб келди. Тўғри, бугунги кунда футбол фақат ҳужум ёки фақат ҳимоядан иборат эмас, жамоада баланс бўлиши керак. Купер танлаган услубни хато деб ҳам бўлмайди, чунки бу услуб унга фаолияти давомида муваффақият ҳам келтирган, лекин тан олиш керак, бу услуб бизга мос келмади. Шахсан мен Купернинг услубини эскирган деб биламан.
Ўтган йил миллий терма жамоамизнинг собиқ аъзоларидан бири билан гаплашгандик ва суҳбат давомида Купер «Валенсия»да ҳам худди ҳозирги каби услубни танлаганини муҳокама қилгандик. Лекин ўша «Валенсия»да бундай услуб учун етарли футболчилар бўлган, қайсидир маънода клубнинг ўзи ҳимоявий ўйинни ёқлаган. Куперни Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи деб танлаганлар мана шу жиҳатни ўйлаб кўришмаган кўринади. Ўзи Купер кутилмаганда миллий жамоага олиб келинди. Эсингизда бўлса, аввалига уни олиб келиш ҳақида гап-сўз ҳам йўқ эди. Асосан Карлос Кейруш ҳақида гапирилди, кейин 10 кишилик рўйхат эълон қилинди ва унда Кейруш ҳам, Купер ҳам йўқ эди. Умид Аҳмаджонов жаҳон чемпионатида ишлаган мураббийни олиб келаман дегани учунгина Купер келгандек гўё. Улар бошида Далични (ЖЧ-2018 финалига чиққан Хорватия бош мураббийи) ҳам олиб келишмоқчи эди, масалан. Жаҳон чемпионатида 32 нафар мураббий ишлаган бўлса, улардан кимлар ишдан кетди, кимлар қолганини биласиз (Купер Россиядаги жаҳон чемпионати тугамасидан Миср миллий жамоасидан истеъфога чиқарилганди. Мисрликлар ўшанда Россия, Уругвай ва Саудия Арабистони терма жамоаларига қарши ўйинларнинг барчасида мағлуб бўлиб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллашганди). Менимча, Куперни олиб келганлар у бизнинг футболга мос келадими-йўқми деб ўйламаган.
— Ҳозирда Қатар футбол ассоциациясида ишлаяпсиз. Нима деб ўйлайсиз, уларнинг айнан қайси ижобий тарафини ўзлаштиришимиз керак?
— Қатардан ўрганишимиз керак бўлган нарса бу – тизим. Буни Феликс (Қатар билан 2019 йилги Осиё Кубогида ғолиб бўлган Феликс Санчес) мисолида кўришимиз мумкин. У Қатарга 2005/06 йилги мавсумда келган. Санчес қатарлик футболчиларни баъзи маҳаллий мураббийлардан ҳам яхшироқ билади. Бу мураббий «Aspire» академиясида ишлаган. Бу академияда Қатарнинг энг яхши футболчи болалари танлаб олинади ва улар кейинчалик ҳам машғулотларни асосан шу академияда ўтказади. Фақат ўйиндан олдин клуб ихтиёрига бориб қўшилишади. Лекин бу тизим Ўзбекистонга тўғри келмаслиги аниқ, чунки Қатар бу кичик жой. У ерда шаҳардан шаҳарга бориб келиш осон. Масалан, қорақалпоғистонлик бола ҳафтада бир неча марта Тошкентга бориб кела олмайди.
Аммо Қатардаги тизимдан андаза олса арзийди. Феликснинг аввал ёшлар жамоасида ишлаши, кейин олимпия жамоасига ва ундан бош жамоага ўтиши мана шу тизим самараси. Қатар ёшлар жамоалари ҳам худди бош жамоаники бўлгани каби фалсафа билан ишламоқда. Шунингдек, Қатарда терма жамоалар маркази бор. Марказ бу шунчаки ташкилот эмас, мана шундай жой бор. У ерда 7та майдон, ётоқхона, хуллас яшаш учун ҳамма шароит мавжуд. Миллий жамоа ҳам, олимпия жамоаси ҳам йиғин вақтида ўша ерда яшайди. Бир сўз билан айтганда, миллий жамоа ҳеч кимга муҳтож эмас.
— Бугунги ЎФА, яъни Эрматов учун аввалги раҳбарлардан қолган 3та муаммо ва 3та яхши мерос?
— Демак, яхшиларидан бошласак. Биринчи яхши мерос маркетинг бўлди, буни тан олиш керак. Аввал маркетингга эътибор бу даражада бўлмаган. Суперлиганинг ўз ҳомийси пайдо бўлди. Олдин ҳам ҳомийлар бўлган, лекин улар ички ҳомийлар эди. Яъни, футбол оиласидаги ҳомийлар. Аммо Coca Cola ёки Pepsi расман ҳомий сифатида пайдо бўлгани бу жуда яхши ўзгариш.
ЎФА имзолаган меморандумларни ҳам яхши ўзгариш сифатида келтириш мумкин, аммо бу меморандумларнинг ишлатилмаётгани яхши эмас. Масалан, ЎФА ҳамда Қатар футбол ассоциацияси ўртасида икки йил аввал меморандум имзоланганига қарамай, айтарли иш қилинмади. Фақат бир марта Ўзбекистондан саноқли шифокорлар Қатарга келиб-кетишди, холос. «Насаф»нинг ёшлар жамоаси «Aspire» жамоалари билан ўртоқлик ўйини ўтказди ва бу ўйинларнинг аслида меморандумга алоқаси бўлмаган. Бу ўйинлар «Насаф», «Ас Садд» ва «Aspire» ўртасидаги яхши муносабатлар сабаб ўтказилган.
Энди муаммоларга келсак. Биринчи катта муаммо ЎФА таркиби. Олдинги раҳбарият даврида кўплаб мутахассисларга жавоб берилди ва улар ўрнига футболни тушунмайдиган одамлар келди. Бу эса Эрматов олдида муаммони юзага келтирди. Янги раҳбарият баъзи мутахассисларни қийинчилик билан бўлса-да, қайтарди. Ҳозир ЎФА ташкилотнинг янги таркибини тузишга мажбур бўлмоқда. Иккинчи муаммо бу регламентлар. Баъзи регламентлар ҳатто ОФК талабларига зид келиб қолган. Яна бир катта муаммо иқтисод билан боғлиқ. Тўғри, аввалги раҳбарият пул олиб келди ҳам, лекин менимча, олдинги раҳбарият пулни қаерга сарфлаганини ҳам текшириш керак.
Аҳмаджонов даврида ОФК билан алоқалар ёмонлашди. Ўтган йил октябрда содир бўлган воқеа ўзбек футболи имижига салбий таъсир кўрсатди. Ҳозирги раҳбар Равшан Эрматовнинг ОФКда ўз обрўси бор ва у алоқаларни аста-секин яхшиламоқда. Эшитишимча, 15 сентябрь куни Шайх Салмон Тошкентга келяпти, демак алоқалар чиндан яхшиланмоқда.
— Сиз 2017 йилда Аҳмаджонов амалга оширган ислоҳотлар, масалан, лицензиялаш орқали форматни ўзгартириш ғоясини қўллаб-қувватлагандингиз. Лекин кейинчалик бу масалага скептик ёндаша бошладингиз. Фикрингизни ўзгартиришингизга нима сабаб бўлди?
— Тўғри, мен бошида буни қўлладим. Мен биринчи навбатда форматни эмас, лицензиялашга жиддий эътибор берилганини қўллаганман. Аслида формат футбол ривожланишига катта таъсир қилади деб ўйламайман. Формат футболни ривожлантирса, Англия ҳам 10та кучли жамоасини қолдириб ўйнарди. Чемпионатнинг икки босқичда ўтишининг ўзи катта хато, чунки кучли футбол мамлакатларида бу нарса йўқ. «Олтин очко» эса бутун дунёда йўқ. Олдинги раҳбарият лицензиялаш ҳақида жуда кўп гапиргани билан аслида лицензиялаш жараёнига ҳеч қандай эътибор бермаган. Клублар йўқ жойдан Олий Лигадан олиб ташланди, масалан «Машъал». Лекин кейинги йил ҳеч қандай лицензиялашсиз бошқа жамоаларни Олий Лигага олиб чиқишди. Яъни, лицензиялаш фақат номига бўлган.
Оддий мисол, ҳеч қачон лицензиялаш талабларида клубнинг ўз академияси бўлиши керак деган нарса бўлмаган. Тўғри, футбол мактаби мажбурий, лекин футбол академияси мажбурий эмас. Улар ҳатто «Пахтакор»ни Қашқадарёдаги академия билан боғламоқчи бўлишди. Яна такрорлайман, мен бошида лицензиялаш бўйича айтилган гапларни қўллаганман.
— Фаластинга мағлубиятдан сўнг ўз телеграм-каналингизда Аҳмаджоновнинг ЎФАга раҳбарлиги ҳақида кескин фикр билдирдингиз. Бунга нималар сабаб бўлди? Чиндан ҳам футболга алоқадор бўлмаган кишининг раҳбарлиги ЎФА учун фойдадан кўра кўпроқ зарар бўлди деб ҳисоблайсизми?
— Ҳар кимга қилган ишлари билан баҳо бериш керак. Умид Аҳмаджонов футбол одами бўлмаган биринчи раҳбар эмас. Масалан, Зокиржон Алматов ва Мираброр Усмонов ҳам футбол одами эмасди. Усмонов даврида ҳам, Алматов даврида ҳам улар футбол одами бўлмаса-да, ёнида футболни тушунадиган одамлар ўтирган. Аҳмаджонов даврида эса бундай бўлмади. Бугунги кунда ҳам ЎФАнинг биринчи раҳбари футбол одами бўлмаслиги мумкин, аммо унинг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов атрофида футболни тушунадиганларни тўпламоқда. Яъни, ташкилотда футбол одамлари кўпайиб, авҳол яхши томонга ўзгара бошлади.
— ЎФАда раҳбарлик лавозимларидан бирини эгаллаганингизда, ишни нимадан бошлаган бўлардингиз?
— Менимча, бу саволга жавоб бериш Эрматов жамоасига нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Қандай таклифим бўлса, Равшан Эрматовнинг ўзига билдираман ва билдиряпман ҳам. Шу боис бу саволга жавоб бера олмайман.
— Маҳаллий мураббийлардан кимни бугунги миллий жамоадаги оғир аҳволни ўнглашга қодир деб ўйлайсиз?
— Маҳаллий мураббийлардан кимдир айни дамда ҳолатни яхшилай олади, деб айта олмайман. Менга қолса, Куперни вақтинча қолдириш керак. Чунки яна шошиб қарор чиқариш тўғри эмас. Лекин «Бўлди, бугун Купер кетади», дейишса, хориждан мураббий олиб келган бўлардим. «Йўқ, фақат маҳаллий мураббий керак», дейишса, ҳозир кўпчилик Абрамовни гапиряпти ва менимча, бошқа номзод ҳам йўқ.
— Месси кучлими Роналду?
— Иккаласи ҳам дунёнинг энг яхши икки футболчиси. Улар деярли тенг деб ўйлайман. Лекин «МЮ» фанати бўлганим учун Роналдуни танлайман.
— «МЮ»га мухлислик қилишингиздан келиб чиқиб шу жамоа ҳақида сўрасак. Жамоа нега ўнгланмаяпти, нима етишмаяпти? Сульшер қилаётган ишларидан қониқасизми, у тўғри йўлдами?
— Менимча, «МЮ» муаммолари Фергюсон давриданоқ бошланган. Фергюсон «МЮ»да фаолиятини бошлаган 80-йилларда футболнинг ўзи бошқача эди. Масалан, бугунги кунда бирор мураббийнинг бу қадар узоқ вақт «диктаторларча» жамоани бошқаришини тасаввур қилиб бўлмайди. Олайлик, Венгер ҳам «Арсенал»да узоқ вақт ишлаганидан кейин бу жамоада муаммолар келиб чиқди. Олдинлари клубларда ким президент эканини билишмасди ҳам, бугун эса клуб президентларини ҳамма танийди, улар клубдаги асосий одамга айланишган.
«Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино матбуот анжуманларидан бирида «Кечирасиз, мен трансферларга жавоб берадиган менежер эмасман, бу учун менинг раҳбарларим бор», деганди. Олдин ҳам клубларда раҳбар бўлган, аммо улар барчасини мураббийга ишониб топширарди. Бугун эса бундай эмас. Фергюсон келган вақтда клубда спорт директори ҳам бўлмаган. Ҳозир эса клубларда спорт директори жуда муҳим инсон. Фергюсон «МЮ»да ҳам спорт директори, ҳам мураббий, ҳам менежер бўлган. Шунинг учун ҳозирча «МЮ» трансферлар ойнасида рақибларига ютқазмоқда.
Иккинчи муаммо Моуриньонинг келиши бўлди. Моуриньо жамоага келганида ҳам танқид қилганман ва унинг қўл остидаги жамоанинг ўйинлари мен ҳақ бўлганимни исботлади. Моуриньо асосий эътиборни асосий жамоага қаратди ва ўша асосий жамоада муаммо пайдо бўлди. Унинг қўл остида «Челси» ва «Реал»да ҳам ички муаммолар бўлган. У ҳатто аёл шифокор билан уришишгача борганди.
Моуриньо ёшларга умуман эътибор бермади. Масалан, «МЮ»нинг ёшлар жамоаси 3 йил олдин Англия чемпиони бўлганди. Кейини йил улар иккинчи лигага тушиб кетиб, ҳамон қуйи лигада ўйнамоқда. Чунки Моуриньо келган йили жамоа 10 нафар ёш футболчидан воз кечди. Ваҳоланки улар АПЛда камида биттадан ўйинда қатнашган футболчилар эди. Бундай футболчиларнинг кетиши эса ёшлар жамосига кучли зарба бўлди. Бугун клуб ёшлар жамоасини янгидан тузишни бошлади. «МЮ» яна ёшлар билан ишлашни бошлагани қувонарли. «МЮ» нафақат Моуриньо борасида, балки бошқа мураббийларни танлашда ҳам адашди деб ўйлайман.
Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди