Санчес ва ундан қутула олмаётган «МЮ» ўртасидаги битимнинг янги тафсилотлари маълум бўлди
Жума, 16 Август
9102

Daily Mail нашри суриштируви натижасида «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Алексис Санчеснинг шартномасига оид янги тафсилотлар маълум бўлди.

Санчес 19 ой олдин «Арсенал»дан «Юнайтед»га ўтган, қарама-қарши йўналишда Генрих Мхитарян трансфери амалга ошганди. Ўша вақтда чилилик ҳужумчи «Манчестер Сити»нинг таклифини рад этган. У «Олд Траффорд»га келиб, АПЛнинг энг юқори маош олувчи футболчиси бўлишни танлаган эди.

Санчес трансфери «қизил иблислар» учун катта минус бўлди. Алексис бу жамоада ўйинини топиб кета олмади, унинг ўта юқори маоши эса ЕЧЛда қатнашмаётган клуб елкасидаги оғир юкка айланиши баробарида бошқа футболчилар билан шартномаларни узайтириш ва янги ўйинчиларни жамоага таклиф этиш имкониятларини чеклаб қўйди.

Бу ёзда клуб 30 ёшли форварддан қутула олмаяпти ва бунинг ҳайрон қоларли жойи йўқ: унинг маоши ҳафтасига ярим миллион фунтдан ошади.

Суриштирув давомида маълум бўлишича, Санчеснинг «МЮ»даги базавий маоши ҳафтасига 300 минг фунтни ташкил қилади. Бунга қўшимча равишда клуб унга имиж ҳуқуқлари доирасида ҳар ҳафта 100 минг фунт (йилига 5 млн фунт) тўлайди.

Ва бу ҳаммаси эмас. Санчес мавсум давомида камида 30та ўйинда асосий таркибда майдонга тушса, яна 5 млн евро бонус олади. Албатта, ҳозирча клубга бу пулни тўлаш зарурати туғилгани йўқ: ўтган мавсум у барча мусобақалар доирасида фақат 13та ўйинда бошланғич таркибга киритилди.

Аниқланишича, Алексиснинг ҳафталик маоши турли бонуслар ва суғурта тўловлари билан бирга 560 минг фунтга етиши мумкин.

Бундан ташқари, клуб Санчеснинг шартномаси амалда бўлган вақт давомида унинг агенти Фернандо Фелисевичга жами 5 млн фунт тўлаши керак. Бу – ҳафтасига 21370 фунт харажат демакдир.

Мазкур харажатлар, шунингдек, «МЮ»даги 1,5 йиллик фаолияти давомида 45та ўйинда қатнашиб, бор-йўғи 5та гол ургани факти – Санчесни сотиб олишни истовчи клублар учун жиддий минус сигнал. Шу боис ҳам унга харидор чиқмаяпти.

Клуб Европада ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар уни бошқа жамоага ижарага бериш имкониятига эга, аммо бу ҳолда ҳам «Юнайтед» Санчес маошининг катта қисмини тўлашда давом этишига тўғри келади. «Ювентус», «Интер» ва «Наполи» клублари ана шу шарт асосида Алексисни олишга рози бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

«Бэйлни олинг, пул қўшиб берилади»: Футболни қутқариши мумкин бўлган тизим ҳақида

Теглар

Ўхшаш янгиликлар