«Манчестер Юнайтед»нинг янги аъзоси Ҳарри Магуайр 5-рақамда ўйнайдиган бўлди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида маълум қилинди.
87 млн еврога сотиб олинган ва жаҳоннинг энг қиммат ҳимоячиси саналмиш Ҳарри фаолиятидаги илк клублари – «Шеффильд Юнайтед» ва «Ҳалл Сити» жамоаларида ҳам 5-рақамда ўйнаган, бироқ «Лестер»да 15-рақамда тўп тепишга мажбур бўлганди – лестерликлар жамоасида 5-рақам жамоа сардори Уэс Морганга тегишли.
Магуайр Англия миллий жамоасида 6-рақамда ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли футболчи манкунианликлар билан 6 йиллик шартнома тузган. ОАВ маълумотига кўра, унинг маоши йилига 5,5 млн еврони ташкил қилади.