«Реал» «Манчестер Юнайтед»дан яримҳимоячи Поль Погбани сотиб олишга яна бир марта уриниб кўради.
Marca`нинг хабар топишича, инглиз клуби франциялик хавбек учун 150 млн евро сўрамоқда, аммо Мадриддагилар бунга пул тўлашга тайёр эмас.
«Реал» трансферга ўз футболчиларидан бирини қўшиш орқали харид нархини камайтиришга уриняпти. Бу яримҳимоячилар Гарет Бэйл ёки Хамес Родригес бўлиши мумкин.
Аввалроқ «МЮ» Погбани Хамесга айирбошлаб, қўшимча 30 млн евро олиш таклифини қайтаргани хабар қилинган эди.
Маълум қилинишича, Погбага собиқ жамоаси «Ювентус» ҳам даъвогар. Ўз навбатида, 150 млн евролик нарх итальян клубига ҳам оғирлик қиляпти. Шу боис туринликлар клуби трансферга яримҳимоячи Блез Матюиди ёки ҳужумчилар Марио Манжукич ва Пауло Дибаладан бирини қўшишни истамоқда. Бироқ Дибаланинг «МЮ»га ўтишни истамаётгани вазиятни чигаллаштиряпти.
Эслатиб ўтамиз, Поль ёз бошларида ўзини янги жамоада синаб кўриш истагида эканини айтган эди. Куни кеча у кичик жароҳати боис «Милан»га қарши ўйинда қатнаша олмади, бу эса унинг кетиши ҳақидаги миш-мишларни авж олдирди. Ўз навбатида «Юнайтед» бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер жаҳон чемпиони саналмиш шогирди жамоада қолишига тўла ишончи комиллигини айтган.
Англияда трансфер дарчаси 8 август куни ёпилади. Манкунианликлар шу санадан сўнг Погбага ўринбосар сотиб олиш имкониятини йўқотадилар.