Симон Миньоле «Ливерпуль»дан кетди
Душанба, 05 Август
3917

«Ливерпуль» дарвозабони Симон Миньоленинг клубдаги 6 йиллик фаолияти якунига етди. У ватани Бельгияга қайтиб, «Брюгге» дарвозасини қўриқлайдиган бўлди.

Брюгге шаҳри жамоаси 30 ёшли посбон билан 5 йиллик шартнома тузганини маълум қилди.

The Guardian маълумотига кўра, трансфер қиймати 6,4 млн фунтни ташкил этган. Бу миқдор бонуслар ҳисобига 8,2 миллионга етиши мумкин.

Маълумот учун, «қизиллар» Миньолени 2013 йил ёзида «Сандерленд»дан 9 млн фунтга сотиб олишган эди. Ўтган йиллар давомида у асосий таркиб учун Лорис Кариус ва Алиссон билан рақобатни бой берди. Жумладан, ўтган мавсум фақат кубок баҳсларида икки марта кўриниш берди холос.

ОАВга кўра, Симоннинг кетишига бош мураббий Юрген Клопп қаршилик қилган, аммо у янги жамоага ўтиб, асосий дарвозабон бўлиш истаги қатъий эканини билдирган. У кеча «Уэмбли»да «Манчестер Сити«га қарши кечган Англия Суперкубоги ўйинида қайдномага киритилган эди, учрашувдан сўнг у Бельгияга учиб кетган.

Бельгия вице-чемпиони «Брюгге» ЕЧЛ саралашининг учинчи босқичида Киевнинг «Динамо» клуби билан баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Англияда трансфер ойнаси пайшанба куни ёпилади. «Ливерпуль» унга қадар Миньолега ўринбосар топишга уриниб кўради.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар