«Атлетико» «Барселона»дан жирканишини эълон қилди – Гризманнга машғулотларга қайтиш талаби қўйилди
Жума, 05 Июль
15858

«Атлетико» клуби раҳбарияти ҳужумчи Антуан Гризманн ва «Барселона» билан боғлиқ вазият бўйича расмий баёнот берди.

«Барселона» президенти Жозеп Мария Бартомеунинг футболчимиз Антуан Гризманн ҳақидаги сўзларидан кейин, «Атлетико» қуйидагиларни маълум қилади.

14 май куни Антуан Гризманн «Атлетико» президенти Мигел Анхел Хил, бош мураббий Диего Симеоне ва спорт директори Андреа Берта билан учрашиб, мавсум охирида клубни тарк этмоқчилигини айтди.

Бир неча кундан сўнг биз «Барселона» ва футболчи февраль ойида махфий музокара бошлаганини, март ойида эса келишиб олганини билиб қолдик.

Бугун президент Бартомеу «Атлетико» клуби билан Гризманн бўйича музокара бошлаганини эълон қилди. Бу – рост. Ҳақиқатдан ҳам Мигел Анхел Хил «Барселона» бош директори Оскар Грау билан учрашди. Унда жаноб Грау Гризманнинг шартномасидаги товон пули 1 июлдан бошлаб 200дан 120 миллион еврога пасайгани туфайли, бу тўловни кечиктиришни талаб қилди.

«Атлетико» бунга рад жавобини берди. Чунки «Барселона» ва футболчи бу хатти-ҳаракатлари билан «Атлетико» ва унинг мухлисларини ҳурмат қилмаслиги ойдинлашди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, «Атлетико» бугун футболчига, унинг синглиси ва агентига, шунингдек адвокатига расман мурожаат қилиб, амалдаги шартнома бандларига мувофиқ, якшанба куни клуб қароргоҳига етиб келишини талаб қилди. Энди Гризманн бошқа футболчилар қатори мавсумолди тайёргарлигини бошлаши шарт.

Бу баёнот орқали «Атлетико» ҳар иккала томоннинг, айниқса «Барселона»нинг хатти-ҳаракатларидан жирканишини маълум қилади. «Барселона» мавсум давом этаётган пайтда ва муҳим ўйинлар палласида ўзи билан чемпионлик учун курашаётган жамоа футболчисини оғдириб олишга, уни шартномани бекор қилишга ундаган. 

«Барселона»нинг бу иши шартномага эга футболчилар билан музокара ўтказиш ва спорт мусобақалари яхлитлигини таъминловчи асосий қоидаларга зиддир, шунингдек «Атлетико» ва унинг мухлисларига зарар етказувчи ҳолатдир», – дейилади «Атлетико» баёнотида.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар