Ван де Бекда 8 клубдан таклиф бор. У «Реал» учун C режа ҳисобланади
Сешанба, 02 Июль
6314

«Реал» «Аякс»дан ёш яримҳимоячи Донни ван де Бекни трансфер қилишни истамоқда.

As хабарига кўра, Мадрид клуби амстердамликлар клубига 22 ёшли голланд футболчиси трансфери бўйича сўров юборган. Қайд этилишича, бу футболчида 8та топ-клубдан таклифлар бор.

Маълум қилинишича, ван де Бек «Реал» учун C режа ҳисобланади. «Қироллик клуби» «МЮ»дан Поль Погбани ёки «Тоттенҳэм»дан Кристиан Эриксен трансферини амалга ошира олмаса ёш футболчига асосий эътиборини қаратади.

Айни вақтда мадридликлар жамоа бош мураббийи Зинедин Зидан франциялик ватандошини жамоага олиб келишни истамоқда. Аммо инглизлар клуби футболчисини осонлик билан қўйиб юбормоқчи эмас ва футболчига жуда юқори нарх белгилаб қўйган.

Ўз навбатида мадридликлар клуби президенти Флорентино Перес «Тоттенҳэм»дан даниялик футболчини харид қилишни истамоқда - бу футболчи «Реал»га ўтишга рози ва Даниядаги нашрлар хабарига кўра Испаниядан уй қидиришни ҳам бошлаган. Аммо лондонликлар ўз футболчиси учун камида 100 миллион евро ишлаб олишни кўзлаган ва бу нарх Пересни қониқтирмайди. Эриксеннинг «шпорлар» билан шартномаси якунланишига бир йил вақт қолган ва бир йилдан кейин «Реал» уни эркин агент сифатида текинга қўлга киритиши ҳам мумкин. Футболчи клуби билан шартномани узайтиришни истамаяпти.

Ван де Бек «Реал» вариантини маъқул вариант сифатида кўрмаяпти, чунки у Зидан унга ўйин амалиёти беришига ишонч билдирмаяпти. Айни вақтда «Реал» яримҳимоясида Лука Модрич, Тони Кроос ва Каземиро каби футболчилар алмаштириб бўлмас футболчилар ҳисобланади. Қолаверса жамоанинг бу позициясида Феде Вальверде ва Иско каби футболчилар ҳам бор.

ОАВ маълумотига кўра, ван де Бек бироз аввал 2007-2009 йилларда «Реал»да ўйнаган ватандоши Уэсли Снейдер билан суҳбатлашган. Футболчилар Ибицада учрашишган ва ёш футболчи тажрибали футболчидан келажаги бўйича маслаҳат сўраган.

Ван де Бек «Реал» яримҳимоя чизиғини кучайтириш учун муносиб вариант ҳисобланади - у ёш ва жуда талантли. «МЮ» Аогбани сотмоқчи эмаслигини маълум қилган, «Реал» Эриксен учун 100 миллион евро сарфлашни истамаяпти ва у эркин агентга айланиши учун бир йил кутиш талаб этилади. «Аякс» эса футболчиларини ушлаб ўтирмоқчимас - амстердамликлар клуби фалсафаси ёш футболчиларни тарбиялаб тезда уларни сотиб бошқа авлод тайёрлашни назарда тутади. Клуб бу ёзги трансферлар ҳисобидан Френки де Йонгни сотиб 86 миллион евро ишлаб олди ва айни вақтда Матейс де Лигт учун 75 миллион евро ишлаш арафасида турибди. Ван де Бекнинг нархи эса қиммат эмас.

Бундан олдинги хабарларда, «Аякс» ван де Бек учун 65 миллион евро сўраётгани, «Реал» эса 50 миллион евро таклиф қилаётгани ҳақида айтилганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар