Мираброр Усмонов Алишер Султоновни ўзига ўринбосар деб билган - Алишер Никимбаев
Пайшанба, 06 Июн
8128

Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозирги ЎФА)нинг собиқ мулозими, журналист Алишер Никимбаев Telegram-каналида ташкилотнинг 2006-2017 йиллардаги раҳбари Мираброр Усмонов ҳақидаги айрим хотиралари билан ўртоқлашди.

«Табаррук Ҳайит кунларида марҳумлар хотираси ёдга олинади. Бугун шу йилнинг март ойида вафот этган ЎФА собиқ президенти Мираброр Усмоновни хотирлашни жоиз топдим. Кўпчиликка номаълум иккита фактни келтириб ўтаман.

1. Усмонов ЎФФдаги лавозимда ишлаган 12 йиллик фаолияти давомида хизмат сафарларига ҳеч қачон ташкилот ҳисобидан чипта олиб бормаган. Парвоз учун чипталарни доим ўз ҳисобидан сотиб оларди.

2. Усмоновга ЎФФ президенти мансаби оғирлик қиларди ва у 2009 йилдаёқ ўз лавозимини топширишни истаган, лекин иккинчи муддатга сайланишига тўғри келган. 2010 йилга келиб у ўзига ўринбосар танлаб қўйганди – Аёллар футболи ассоциациясининг ўша вақтдаги президенти Алишер Султонов.

Мираброр Зуфарович бу ҳақда илк марта 2010 йил августида ФИФА вакиласи Моника Штааб билан учрашувда эълон қилганди. 2012 йил баҳорида эса Усмонов ФИФАнинг ўша пайтдаги президенти Йозеф Блаттерга Султоновни ўз вориси сифатида таништирган», – деб ёзади Никимбаев.

«Ким билади, агар Усмоновнинг ҳокимиятни топшириш режаси амалга ошганида, бугун футболимиздаги ҳозирги инқироз юз бермаган бўлармиди», – дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, Мираброр Усмонов шу йил март ойида 71 ёшида вафот этди.

Мираброр Усмонов ва ўзбек футболи
Алишер Султонов Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти лавозимини тарк этди

Теглар

Ўхшаш янгиликлар