Чими янгиланган «Миллий» стадион эгалари унда машғулот ўтказди (фоторепортаж)
Пайшанба, 06 Июн
2972

Ўтган ҳафта Туркия билан кечган ўртоқлик ўйинидан сўнг Ўзбекистон миллий жамоасининг Эктор Купер қўл остида ютқазган ўйинлари сони ютганлари билан тенглашди.

Бундан роппа-роса 10 ой муқаддам – 2018 йил 6 августида лавозимга тайинланган аргентиналик мураббий ҳозиргача Ўзбекистонни 13та ўйинда бошлаб тушган бўлса, уларда 3та дуранг ҳамда 5тадан мағлубият ва ғалаба қайд этилди.

Июнь ойида Куперда мазкур статистикани яхшилаб олиш, энг муҳими жамоани ЖЧ-2022 саралашига тайёрлаш учун яна иккита ўртоқлик ўйини бор. Жамоа 7 июнда КХДР, 11 июнь куни Сурия миллий жамоаларига қарши баҳс олиб боради.

Иккала ўйин ҳам Тошкентдаги «Миллий» стадионида бўлиб ўтади. КХДР билан баҳс соат 20:00, Сурия билан ўйин 18:30га белгиланган.

Қайд этиш керак, КХДР ҳам, Сурия ҳам Эктор Купер учун бегона термалар эмас. Ушбу жамоалар билан ўтган йили кузда ҳам Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказилган эди: Купер ушбу лавозимдаги илк ўйинида Сурия билан дуранг (1:1) ўйнаб, кейинроқ КХДРни мағлуб этганди (2:0).

Январдаги Осиё кубогида сурияликлар ҳам, шимоллик корейслар ҳам ўз гуруҳларида сўнгги ўринни олишди. БААдан мутлақо очкосиз қайтган КХДР шундан буён бирорта ҳам ўйин ўтказгани йўқ.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Осиёда ЖЧ-2022 саралашининг биринчи босқичи бугундан бошланди. Ўзбекистон иккинчи - асосий босқичдан курашга киришади, бу раунд 2019 йил 5 сентябридан бошланиб, 2020 йил 9 июнигача давом этади.

Май ойи охиридан буён миллий жамоанинг Тошкент ва Анталиядаги машғулотларидан фоторепортажлар тақдим этиб келаётган Tribuna.uz бу гал ҳам КХДРга қарши ўйин олдидан «Миллий» стадионида ўтган расмий тайёргарлик жараёнидан энг сара лавҳаларни ҳавола қилади.

 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар