«Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан «Райо Вальекано»га қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида ҳужумчи Гарет Бэйлнинг келажаги борасида берилган саволга жавоб берди.
«Кейинги мавсум учун нимани хоҳлаётганимни аниқ биламан. Бэйл? У кўринишидан мамнун. Мавсум охирида, кўрамиз. Ҳозирдан то мавсум тугагунча у сафимизда ўйнайди», – деди «қаймоқранглилар» устози.
Зидан, шунингдек, жароҳатидан тикланиб олган Винисиус Жуниор ҳақида ҳам гапириб ўтди.
«Эндигина сафга қайтди, ҳали яна машғулотларда қатнашиши керак. Бензема жароҳат олгани учунгина уни майдонга тушира олмаймиз. Ҳали бир ҳафтача шуғулланиши зарур. «Райо»га қарши баҳсда у қатнашмайди», – деб маълум қилди Зидан.
Испания чемпионатининг 35-тури доирасида сўнгги ўриндаги «Райо Вальекано» майдонида ўтадиган баҳс эртага Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мадридликлар ҳужумчиси Карим Бензема жароҳат олиб сафдан чиққани хабар қилинган эди.