Зидан: «Реал» Ла Лигада 33 марта чемпион бўлган, «Барселона»-чи?»
Чоршанба, 24 Апрел
18099

Бугун, 24 апрель куни Ла Лига доирасида «Валенсия» «Атлетико»ни мағлуб этган тақдирда, «Барселона» 26-маротаба Испания чемпионига айланиши мумкин. Бу каталонияликларнинг охирги беш мавсумдаги тўртинчи чемпионлиги бўлади. Marca нашри мазкур ҳолат юзасидан «Реал» бош мураббийи Зинедин Зиданнинг фикрини келтириб ўтди.

«Бизда 33та Испания чемпионлиги бор, «Барселона»да нечта? Охирги вақтларда уларнинг ишлари яхши кетяпти. Буни тан олиш ва уларни табриклашимиз керак.

Аммо агар рақамлардан гапирадиган бўлсак, чемпионат совринлари сони бизда кўпроқ. Мен буни ўзимни ҳимоя қилиш учун айтмаяпман, сиз улар сўнгги вақтларда лигада яхшироқ қатнашаётганликлари ҳақида гапирдингиз. Биз мана шу динамикани ўзгартиришимиз керак.

Сизга шуни айтишим мумкинки, биз кейинги мавсум Ла Лигани қўлимиздан келганча энг яхши даражада бошлашга ҳаракат қиламиз. Кейинги йил Испания чемпионатини асосий мақсадларимиздан бири деб олишимиз керак», – деди Зидан.

Эслатиб ўтамиз, «кўк-анорранглилар» кеча 34-тур доирасида «Алавес»ни мағлуб этгач, «Реал»да Примера ғолиблиги учун назарий имконият қолмади. «Қаймоқранглилар» эртага «Хетафе» меҳмони бўлишади. Учрашув Тошкент вақти билан жумага ўтар кечаси соат 00:30да бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар