Андрей Микляев: «Принципиал рақибни енгиб, биринчи ғалабага эришдик»
Шанба, 30 Март
2568

Суперлиганинг 2-туридаги «Сурхон»–«Динамо» (1:0) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлардан бош мураббий Андрей Микляев ва учрашувнинг энг яхши футболчиси Шавкат Саломов иштирок этди, деб хабар бермоқда Tribuna.uz мухбири.

«Принципиал рақибга қарши қийин ўйин ўтказдик. Кўрдингиз, мухлисларимиз илк ғалабамизни байрамдек нишонлашди. Бу ғалабамиз охиргиси бўлиб қолмаслигига умид қиламиз.

Албатта, ўйинда баъзи қийинчиликларга дуч келдик, улар устида ишлаймиз. Аммо бугун бу ҳақда гапиришни истамайман. Асосийси қўйилган вазифа уддаланди – ғалаба қозондик. 

Иккинчи бўлимда биринчисидан кўра ёмонроқ ўйнадик? Тўғри, жисмоний жиҳатдан муайян қийинчиликларга учрадик. Бунинг устида албатта ишлашимиз керак. Аммо захиралар орқали ўйинни тенглаштира олдик. Илк футболчи алмаштиришдаёқ рақиб билан ўйин борасида тенглашиб олдик. Қарши ҳужумларда 3+4та жуда яхши вазиятлар яратдик. «Динамо»да бундай ёрқин вазиятлар бўлмади.

Бутун ўйин давомида 12та бурчак зарбасидан бирортасидан фойдалана олмадик? Эътибор қилган бўлсангиз, биз голни стандартдан урдик. Бурчак тўпларидан натижа чиқара олмаган бўлсак-да, ўйин давомида яхши вазиятларимиз бўлди. Ҳар сафар бурчак тўпи тепганимизда стадионда ажиотаж бўлди. Агар ҳар битта бурчак зарбасидан гол урганимизда, ақл бовар қилмас ҳисоб қайд этиларди. Албатта, бунинг устида анча кўп ишлаганмиз. Бу сафар бурчак зарбасидан тўп кирита олмадик, кейинги сафар уриниб кўрамиз», – деди Микляев.

Шавкат Саломовнинг ўйиндан кейинги фикрлари қуйидагича бўлди: «Сурхон шаҳрини бугунги ғалаба билан табриклайман. Уни узоқ кутгандик. Ўйин қийин ўтди, ҳали кўп иш қилишимиз керак. Мураббийлар штабига катта раҳмат, жамоани қисқа муддатда бир йўналишга тушириб олиш жуда ҳам қийин. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади. Биринчи ғалаба билан табриклайман.

Ҳакамга қилган муносабатим учун узр сўрайман. Ҳакамга бундай муносабатда бўлиш нотўғри. Фол бор эдими-йўқми, ҳакам буни кўрдими-йўқми, ҳакамга бундай қилишга ҳаққим йўқ. Ундан узр сўрайман».

Теглар

Ўхшаш янгиликлар