Нўъмон Ҳасанов: «Жавоҳир Сиддиқов «Пахтакор»га кетганидан терма жамоа ютқазди»
Якшанба, 10 Март
5771

Суперлиганинг 1-тури доирасида кечган ва 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланган «Навбаҳор» - «Қўқон-1912» ўйинидан кейин ҳар икки жамоа мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. «Қўқон-1912» жамоаси устози Нўъмон Ҳасанов ҳам ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Чемпионат бошлангани билан барчани табриклайман. Йигитлар яхши ўйнашди. Бу турда ҳамма ўйинлар дуранг билан якунланяпти. Битта ўйин қолди, у ҳам дуранг бўлса, яхши бўларди (кулади).

Йигитларнинг ўйинидан қониқдим. Жавоҳирнинг йўқлиги сезилди. Таркибимизга янги келиб қўшилган нигериялик футболчи ўйинимизни анча кучайтиради. Кўрасиз, унга ҳали катта клубларимиз ҳам харидор бўлиб қолишади. Таркибимиз кучсизланди деган гапга қўшилмайман.

Иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнадик? Йўқ, биз биринчи бўлимда ҳам яхши ўйнадик. «Навбаҳор»нинг голидан бошқа вазиятда устунлик бизда бўлди. Иккинчи бўлимда эса ҳужумларимиз яхшироқ чиқди.

«Навбаҳор» чемпионлик учун курашадиган жамоа деяпсиз, лекин мен мавсум олидидан ҳам, бугун ҳам уларнинг ўйинини кўрдим. Уларнинг ўйини қизиқ эмас десам, наманганлик мухлислар хафа бўлишмасин. Лекин чемпион бўладиган жамоа тўп узатишлар билан рақибни шошириб қўйиши керак. Улар ҳам ҳаяжон билан ўйнашди. Биринчи турдан хулоса чиқармаслик керак. Ҳали ҳамма ҳаяжонда.

Жавоҳир Сиддиқовнинг кетгани? Бу Ўзбекистон терма жамоаси учун йўқотиш бўлди. Мен Жавоҳирнинг «Пахтакор»га кетганини кейин билиб қолдим. У каттароқ жамоаларда ўйнаши керак эди, масалан Корея жамоаларида. Яна такрорлайман, Жавоҳирнинг «Пахтакор»га кетгани тўғри бўлмади»,- дея Ҳасановнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар