«Металлург» бош мураббийи ЎФА ва ПФЛ талабини бажармаслигини айтди
Пайшанба, 28 Феврал
5915

«Металлург» бош мураббийи Андрей Шипилов Суперлиганинг янги мавсумидан олдин, ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

Хусусан, мутахассис чемпионат регламентида белгилаб қўйилган ва ҳар бир ўйинда 1997 йил ва ундан кейин туғилган ёшларни майдонга тушириш ҳақидаги талабни бажармаслигини айтди.

«Бу йил мамлакатимиз футболи учун жуда масъулиятли саналади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2020 йили Токиода ўтказиладиган Олимпиада мусобақасининг саралаш ўйинларида иштирок этади. Шу боисдан ҳам ЎФА ҳамда ПФЛнинг чемпионат регламентига киритган ўзгаришларини қўллаб қувватлайман. 

Менга қолса, 1997 йил у ёқда турсин, 1999, 2000, ҳатто 2001 йилда туғилган футболчини ҳам ўйнатишга тайёрман. Фақат у ишончга муносиб эканлигини исботласин. 

Шу маънода олимпия терма жамоаси йиғинига жалб этилаётган ўйинчилар ҳам ўз клублари асосий таркибида ўйнашга лойиқлигини исботлаши керак. Мисол учун, «Металлург»дан олимпия терма жамоасига чақирилган Суҳроб Нуруллоевни олайлик. Мен уни 100 кундан буён кўрмадим. Бу йил ҳисобидан Нуруллоев жамоамнинг бирорта машғулотида иштирок этмади. Мен қандай қилиб уни асосий таркибга қўяман? Менинг тактикам, ўйин услубимдан бехабар ҳолда, тўсатдан йиғиндан келиб, жамоам ўйинини бузиб қўймаслигига ким кафолат беради? 

Лекин мен Суҳробнинг жамоамга ёрдам беришини, асосий таркибда ўйнашини хоҳлайман. Терма жамоага номзод ўйинчиларнинг кўпайишини истайман. Клуб раҳбарияти мураббийдан ҳамиша натижани сўрайди. Мураббий эса талаб этилган натижага эришиш учун айни пайтда қўл остида, кўриб, билиб юрган футболчисини майдонга туширади. Исталган футболчи асосий таркибдаги ўрнини пешона тери, меҳнати билан қозониши лозим. Узоқ чўзилиб кетадиган йиғинлар шуниси билан клубларнинг ҳам, ўйинчиларнинг ҳам зарарига ишлайди», - деб Шипилов сўзларини келтирмоқда клуб матбуот хизмати.

Ҳозирча Андрей Шипиловнинг бу сўзларига ЎФА ва ПФЛнинг муносабати маълум эмас.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар