Андрей Шипилов: «Металлург» ЎФА ва ПФЛ талабларини доимо бажариб келган ва шундай бўлиб қолади»
Пайшанба, 28 Феврал
1804

«Металлург» клуби бош мураббийи Андрей Шипилов сўнгги пайтларда турли нашрларда клуб ва унинг позицияси ҳақида берилаётган материалларга ўз муносабатини билдирди.

«Металлург» ЎФА ва ПФЛнинг талабларини бажаришдан бош тортаётганмиш? Бу бўлмаган гап. Биз футболдаги ислоҳотлар, ўзгаришларга асло қарши эмасмиз. Аксинча, янгиланиш йўлидаги ҳар қандай ижобий ҳаракат ва қарорларни қўллаб-қувватлаймиз. Мен оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистларни ҳурмат қиламан. Аммо саволларига қайтарган жавобларимизни ўз мақсадлари йўлида бошқача талқин этишлари, бизни юқори ташкилотларимизга ёмон кўрсатиб қўйишларига қатъиян қаршиман. Мамлакат миллий чемпионати 2019 йилги мавсуми арафасида клубнинг янги мавсум арафасидаги мақсад ва вазифалари ҳақидаги саволларга жавоб бериб, юксак натижаларга эришиш учун жуда кўп, тинимсиз меҳнат қилиш кераклигини таъкидлаганман. Натижа йўлида майдонга тушишга энг муносиб, тайёр ўйинчилар хизматидан фойдаланишимни айтганман. Ҳатто терма жамоага номзод ўйинчига ҳам талаб бир хил қўйилишини билдирганман. Ўйин куни ҳолати ҳам жисмонан, ҳам руҳан мураббийлар штабини қаноатлантирган футболчини майдонга туширамиз, деганман. Хўш, бунинг нимаси ЎФА ёки ПФЛ талабини бажармаслик экан? Менга қолса 1997 йил эмас, ундан кичик, 1999, 2000, 2001 йилда туғилган футболчи бўлмайдими, уларни ҳам майдонга туширишга тайёрман, агар ижобий натижага эришишимизга ёрдам бера олишса. Қани бу ерда юқори футбол ташкилотига бўйсунмаслик? 

«Металлург» биринчилардан бўлиб 2019 йилги мавсум учун рўйхат топширди. Агар клуб олдида муаммолар бўлганида ёки «Металлург» ЎФА ва ПФЛ регламенти талаблари бажармаганида, жамоа ўйинчилари рўйхатдан ўтказилмаган бўларди. Айни пайтда янги мавсум учун чиқарилган регламент бўйича барча талабларни баҳоли қудрат адо этиб келаяпмиз. Ўтган мавсумлар учун футболчилар, мураббийлар олдида қарздорлик йўқ. Стадион янги мавсум ўйинларини қабул қилишга деярли тайёр. Марказий стадионимизда сўнгги пардозлар ишлари олиб борилаяпти. Биз сабрсизлик билан чемпионатнинг бошланишини кутаяпмиз. Журналистларни ҳурмат қиламан. Матбуот бор экан камчиликларимиздан воқиф бўлиб турамиз. Мен ҳар қандай танқидни эшитишга, таклифни ўрганишга тайёрман», - деб Шипилов сўзларини келтирмоқда клуб матбуот хизмати.

Аввалроқ, Андрей Шипилов чемпионат регламентида белгилаб қўйилган ва ҳар бир ўйинда 1997 йил ва ундан кейин туғилган ёшларни майдонга тушириш ҳақидаги талабга эътироз билдирган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар