Сала ҳалокатга учраган самолётда тижорий парвозлар учун лицензия бўлмаган
Сешанба, 26 Феврал
3101

21 январь куни бортида Эмилиано Сала билан ҳалокатга учраган хусусий самолётда тижорий парвозлар учун лиценция бўлмаган. ESPN хабарига кўра, самолёт ҳалокатини текшираётган комиссия хулосасида ана шундай маълумот қайд этилган.

Маълум бўлишича, «Piper PA-46 Malibu» русумли самолёт АҚШда рўйхатга олинган бўлиб, Ла-Манш устидан парвозларни амалга ошириш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган. Унга эгалик қилувчи фирма лицензия олиш учун ҳаракат қилмагани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 21 январда Нантдан Кардиффга қараб йўлга чиққан ва ноқулай об-ҳаво дея тахмин қилинаётган сабаб билан Ла-Манш бўғозига қулаганди. Унинг қолдиқлари ичида топилган жасад 7 февралда сувдан олиб чиқилиб, 8 февралда бармоқ излари орқали Салага тегишли экани тасдиқланди.

Маълумотларга кўра, «Кардифф» Салага тижорий парвоз ташкил қилиб беришни таклиф қилган, аммо футболчи бунга қадар ўзи бошқа самолётни буюртма қилиб бўлганини айтган. Парвозни агент Уилли Маккей ташкил этган, у на самолёт ва на учувчини танлашда қатнашмаганини айтмоқда.

60 ёшда бўлган учувчи Дэвид Ибботсоннинг жасади ҳали топилганича йўқ. Сала 16 февраль куни ватани Аргентинада дафн этилди.

Ўтган ҳафта «Кардифф» ва «Нант» клублари трансфер учун илк тўловни кечиктиришга келишиб олгани хабар қилинганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар