Андрей Шипилов: «Жепаровни футболдан четлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ»
Сешанба, 26 Феврал
5350

«Металлург» клуби бош мураббийи Андрей Шипилов яримҳимоячи Сервер Жепаровнинг жисмоний тест синовидан ўтолмагани ва Суперлигада иштирок этолмаслиги мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

«Футболчи тез югура олмаса ёки қандайдир норматив тестни топшира олмаса, бу унинг футбол ўйнай олмайди дегани эмас. Айниқса Серверга бундай тамғани ёпиштиришларига мутлақо қаршиман. У аллақачон ўзбек футболи тарихига ўз исми шарифини зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйган. Нафақат мамлакатимизнинг, балки Осиёнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган. Ундан яна нимани талаб этаяпмиз. 

Менга Жепаров тез югуриши билан эмас, тиниқ боши, аниқ тўп узатмалари, жамоани ўз ортидан эргаштира олиши билан керак. Сервер 40 ёшида ҳам исталган жамоага наф келтиришига ишонаман. Буни Туркиядаги ўқув машғулот йиғини доирасида ўтказилган назорат ўйинларида исботлади. Битта ўйин давомида 11-13 километргача масофани босиб ўтди. «Бунёдкор»га қарши ўтказилган кўрик ўйинида ҳам тўлиқ 90 дақиқа тўп тепди. Жисмоний тайёргарлигидан нолимайман. Ўша куни ҳам у 11 км масофани босиб ўтди. Яна нима керак? Қолаверса, ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч ким Жепаровга футбол ўйнашни тақиқлашга ҳаққи йўқ! 

Керак бўлса, 36 ёшида ҳам 20 ёшлилар учун мўлжалланган тестини қайта топшира олади, бунга шубҳа қилмайман», - деб Шипилов сўзларини келтирмоқда клуб матбуот хизмати.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар