O'zbek Ўзбекча
Азиз Ҳайдаров ва Жамшид Искандеров нима сабабдан «Локомотив»га ўтганларини тушунтиришди
Жума, 22 Феврал
7004

Тошкентнинг «Локомотив» клуби шанба куни ўз тарихида учинчи марта Ўзбекистон Суперкубоги учун майдонга тушади. Андрей Фёдоров жамоаси «Пахтакор» марказий стадионида ОКМКга қарши баҳс олиб боради.

Tribuna.uz мухбири хабарига кўра, бугун бўлиб ўтган ўйинолди матбуот анжуманида Фёдоров мазкур баҳс мавсумдаги илк расмий ва соврин учун кечадиган учрашув экани билан аҳамиятли бўлиши, ўйинда жамоанинг янги мавсумга тайёргарлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкинлигини таъкидлади. У мазкур учрашув унинг учун мураббий сифатидаги илк Суперкубок баҳси бўлишини қайд этиб ўтди.

«Темирйўлчилар» бундан аввал 2014 ва 2015 йиллардаги Суперкубок баҳсларида қатнашиб, уларнинг биринчисида «Бунёдкор»га енгилган (1:2), кейинги уринишда «Пахтакор» йирик ҳисобда мағлуб этилган (4:0). Жамоа ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев ўз сўзида мазкур статистикани эслаб, клуб музейидан иккинчи Суперкубок жой олишига умид билдирди.

«Жамоамиз учрашувга тайёр. Худо хоҳласа, чиройли футбол кўрсатиб, ғалаба қозонамиз, деб ўйлайман. «Локомотив» ўз тарихида иккинчи марта Суперкубокни қўлга киритишига умид қиламиз», – деди Тўхтахўжаев.

Жамоа ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов учрашув мавсумдаги биринчи расмий ўйини эканлигига урғу берди.

«Суперкубок битта ўйиндан иборат, кубок тақдири шу ўйинда ҳал бўлади. Энг асосийси, биз мавсумни ғалаба билан бошлашимиз керак. Мавсумни қанақа бошласак, шунақа давом этади, дейишади. Фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Майдонда қанчалик омадимиз келишини эртага кўрамиз. Натижа биз учун муҳим», – деди Абдухолиқов.

«Бикмаев кетди, энди ҳужум чизиғида эътибор сизга кўпроқ қаратилади. Мавсумда нечта гол уришни мўлжаллаяпсиз?» деган саволга Темурхўжа қуйидагича жавоб берди.

«Бу – футбол. Кимдир қолади, кимдир кетади. Жамоага жуда яхши янги ижрочилар келган. «Локомотив» ҳеч қачон бир футболчига қараб қолмаган. Биз ҳар доим жамовий ўйин ҳисобига яхши натижаларга эришганмиз.

Иложи борича голларим ва фойдали ҳаракатларим билан жамоага ёрдам бермоқчиман. Натижа бўлмаса, кайфият ҳам бўлмайди», – дейди ҳужумчи.

Мавсумлар оралиғида «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан «Локомотив»га ўтган яримҳимоячилар Жамшид Искандеров ва Азиз Ҳайдаров нега бундай қарорга келгани ҳақидаги саволларга жавоб қайтаришди.

Жамшид Искандеров: «Локомотив»га ўтганимнинг боиси бу жамоа бир неча йил давомида чиройли ўйинлар кўрсатди, чемпион бўлди. Пахтакор билан шартномам якунлангандан кейин менга таклиф бўлди. Ўйлаб кўриб, шу жамоага ўтдим.

«Пахтакор» стадиони мен учун ўз уйимдек. Эртага ўз уйимда ўйнагандек бўламан. Чиройли ўйин кўрсатиб, «Локомотив» мухлислари меҳрини қозонмоқчиман».

Азиз Ҳайдаров: «Мана, ёнимда ўтирган ўртоғим Анзур айтди, кел шу жамоада ўйнаймиз, деб. Шунинг учун шу жамоани танладим. Қолаверса, клубнинг ўйин услуби ҳам менга маъқул эди. Бундан жуда хурсандман.

Миржалол Қосимов қўл остида ўйнадим, «Бунёдкор»дан қийинчилик туфайли кетдим, деб айтмаган бўлардим. Эртанги ўйинда натижага эришамиз, деб умид қиламан».

Шунингдек, «Локо»нинг тажрибали футболчиларидан Сардор Мирзаев ва Анзур Исмоиловлар эртанги ўйин ҳақидаги фикрлари билан бўлишишди.

Сардор Мирзаев: «Мен Суперкубокни бир марта ютганман. «Локомотив билан». Умуман, мен учун Суперкубок ўйини бўладими, бошқа оддий ўйинми, фарқи йўқ. Ҳар бир совринни ютишнинг ўз гашти бўлади. Суперкубокми, бошқами – барча ўйинларда ғалаба қозонишни истаймиз».

Анзур Исмоилов: «Эртанги ўйин мен учун Суперкубокдаги биринчиси. Битта ўйин бўлади ва унда ким ютса, ўша – чемпион. Эртага, тўғриси, ютгим келяпти. Кубокларим яна биттага кўпайишини истайман».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони «Локомотив» ва кубок соҳиби ОКМК ўртасидаги Суперкубок ўйини 23 февраль куни бўлиб ўтади. Учрашув «Пахтакор» стадионида соат 16:00да бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар