O'zbek Ўзбекча
Сала сўнгги йўлга кузатилди
Душанба, 18 Феврал
8491

Аргентинанинг Прогресо шаҳрида авиаҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмган футболчи Эмилиано Сала билан видолашув маросими бўлиб ўтди. Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, маросим ҳужумчи футболдаги илк қадамларини қўйган «Сан-Мартин де Прогресо» клубига қарашли ҳудудда бўлиб ўтди.

Маҳаллий аҳоли тонгги соат 7дан йиғила бошлади. Футболчининг яқинлари, дўстлари ва мухлисларидан ташқари маросимда «Кардифф» бош мураббийи Нил Уорнок ва ижрочи директори Кен Чу ҳам иштирок этди.

Тўрт мавсумдан буён «Нант» таркибида ўйнаб келган Сала 19 январь куни «Кардифф Сити» билан шартнома имзолаган, унинг трансфер қиймати Уэльс жамоаси учун рекорд миқдор – 15 млн еврони ташкил этганди.

Маълумот учун, 28 ёшида вафот этган Сала Аргентинанинг Санта Фе провинциясига қарашли Кулулу шаҳарчасида туғилган. У 15 ёшига қадар «Прогресо» клубида тўп тепган. Профессионал фаолиятини Франциянинг «Бордо» жамоасида бошлаган; «Орлеан», «Ньор» ва «Кан» клубларида ижара асосида ўйнаган. «Нант» уни «Бордо»дан 2015 йил ёзида харид қилган эди.

21 январь куни бортида Сала ва учувчи Дэвид Ибботсон бўлган «Piper PA-46 Malibu» русумли самолёт «Нант Атлантик» аэропортидан Уэльснинг Кардифф шаҳрига қараб йўлга чиққач, манзилга етишига бир соат қолганида радарлардан йўқолиб қолди. Самолёт сўнгги марта 700 м баландликда, Олдерни оролидан 13 км узоқликда эканида алоқада бўлганди.

Ҳаво кемасини қидириш ишларига бешта самолёт, иккита қутқарув кемаси ва битта вертолёт сафарбар этилди. Эмилианонинг оиласи хайрия акцияси орқали пул тўплаб, хусусий қутқарув-қидирув ташкилотига мурожаат этишди. Ноқулай об-ҳаво туфайли тўхтаб қолаверган ва бир ҳафта давом этган қидирувдан сўнг самолёт қолдиқлари 3 февраль куни Ла-Манш бўғозидан топилди. 67 метр чуқурликдаги самолёт бортида аниқланган жасад 7 февралда сувдан олиб чиқилди, 8 февралда бармоқ излари орқали Салага тегишли экани тасдиқланди.

Ҳалокат сабаблари ҳозирча аниқланмади, бунга ноқулай об-ҳаво сабаб бўлгани айтилмоқда. Экспертиза футболчи боши ва танасидан олган жароҳатлари туфайли ҳалок бўлганини маълум қилган.

Маълумотларга кўра, «Кардифф» Салага тижорий парвоз ташкил қилиб беришни таклиф қилган, аммо футболчи бунга қадар ўзи бошқа самолётни буюртма қилиб бўлганини айтган. Парвозни агент Уилли Маккей ташкил этган, у на самолёт ва на учувчини танлашда қатнашмаганини айтмоқда. 

60 ёшда бўлган учувчи Дэвид Ибботсоннинг жасади ҳали топилганича йўқ. Унинг қизи отасининг танасини топиш учун хайрия акцияси ташкил этган. Хайрияга ҳисса қўшганлар орасида Килиан Мбаппе (27 минг фунт) ва Гари Линекер (минг фунт) ҳам бор. 16 февраль ҳолатига кўра, зарурий мўлжалдаги 300 минг фунтнинг 240 минг фунти йиғиб бўлинди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар