Саланинг жасади ватани Аргентинага етказилди
Шанба, 16 Феврал
6812

Авиаҳалокат қурбони бўлган ҳужумчи Эмилиано Саланинг жасади ўз ватани Аргентинага етказилди.

Маҳаллий матбуот маълумотига кўра, бугун, 16 февраль куни футболчининг биринчи клуби – «Прогресо»нинг спорт залида видолашув маросими бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, тўрт мавсумдан буён «Нант» таркибида ўйнаб келган Сала 19 январь куни «Кардифф Сити» билан шартнома имзолаган, унинг трансфер қиймати Уэльс жамоаси учун рекорд миқдор – 15 млн еврони ташкил этганди.

Маълумот учун, 28 ёшида вафот этган Сала Аргентинанинг Санта Фе провинциясига қарашли Кулулу шаҳарчасида туғилган. У 15 ёшига қадар «Прогресо» клубида тўп тепган. Ппрофессионал фаолиятини Франциянинг «Бордо» жамоасида бошлаган; «Орлеан», «Ньор» ва «Кан» клубларида ижара асосида ўйнаган. «Нант» уни «Бордо»дан 2015 йил ёзида харид қилган эди.

21 январь куни бортида Сала ва учувчи Дэвид Ибботсон бўлган «Piper PA-46 Malibu» русумли самолёт Франциянинг Нант шаҳридан Уэльснинг Кардифф шаҳрига қараб йўлга чиққач, манзилга етишига бир соат қолганида радарлардан йўқолиб қолди. Самолёт қолдиқлари 3 февраль куни Ла-Манш бўғозидан топилди. Унинг бортида аниқланган жасад 7 февралда сувдан олиб чиқилди, 8 февралда бармоқ излари орқали Салага тегишли экани тасдиқланди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар