Рамос атайлаб сариқ карточка олганини тан олди, бу унинг учун биринчиси эмас
Пайшанба, 14 Феврал
9677

«Реал» сардори Серхио Рамос «Аякс»га қарши кечган ЕЧЛ 1/8 финали дастлабки учрашувида сариқ карточка олди.

32 ёшли испан 89-дақиқада рақиб ҳужумчиси Каспер Дольбергга нисбатан фол ишлатгани учун огоҳлантирилди. Бу билан у ЕЧЛнинг бу мавсумида учинчи марта сариқ карточка олди ва энди 5 март куни Мадридда ўтадиган жавоб учрашувини ўтказиб юборади.

Ўйиндан сўнг Рамос атайлаб сариқ карточка ишлаб олганини тан олди. Унинг сўзларини Goal нашри келтириб ўтган.

«Натижага қараб туриб, буни атайлаб қилмадим, деб айтсам ёлғон бўларди. Бу рақибга паст назар билан қараш эмас, шу билан бирга ғалабали сериямиз тугаши ҳақида ҳам ўйламадим. Аммо футболда оғир қарорлар қабул қилишга тўғри келади», – дея тушунтирди Рамос.

Қайд этиш керак, Серхио ЕЧЛда биринчи марта бундай йўл тутаётгани йўқ. 2010 йил ноябридаги «Аякс» билан ўйинда (4:0) ҳам у ва Хаби Алонсо икки марта сариқ карточка олиб, майдонни тарк этишганди. УЕФА бу икки футболчи «Реал»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Жозе Моуриньонинг қистови билан атайин карточка ишлаб олишгани юзасидан текширув ўтказиб, Моуриньога икки ўйинни захира ўриндиғида кузатиш тақиқи қўйилган, Рамос ва Алонсо эса жарима тўлашганди.

Умуман, Серхио Рамос ЕЧЛ тарихида энг кўп марта (38та) сариқ карточка олган футболчи саналади.

Қолаверса, кечаги учрашув «Реал» сардори учун «қаймоқранглилар» сафидаги 600-ўйин бўлди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар