Атайин сариқ карточка олганини тан олган Рамос ўз сўзларини инкор қилди
Пайшанба, 14 Феврал
7756

«Реал» сардори Серхио Рамос ЕЧЛ нимчорак финалининг «Аякс»га қарши жавоб учрашувида майдонга тушмайди. У кеча Амстердамда ўтган дастлабки баҳснинг 89-дақиқасида сариқ карточка олган, натижада мусобақанинг бу мавсумидаги огоҳлантиришлари сони учтага етган эди.

Рамос ўйиндан кейинги интервьюсида чорак финал олдидан карточкалардан тозаланиб олиш ниятини инкор этмаганди.

«Натижага қараб туриб, буни атайлаб қилмадим, деб айтсам ёлғон бўларди. Бу рақибга паст назар билан қараш эмас, шу билан бирга ғалабали сериямиз тугаши ҳақида ҳам ўйламадим. Аммо футболда оғир қарорлар қабул қилишга тўғри келади», – дея Рамоснинг сўзларини келтирганди Goal.

Аммо ҳимоячи Twitter саҳифасида ўз сўзларини инкор этиб чиқди.

«Шуни аниқлаштиришни истардимки, дисквалификация мени ҳаммадан кўпроқ ранжитади. «Рома» билан кечган ЕЧЛдаги олдинги ўйинимиздаги каби, бугунги карточкани ҳам атайин олганим йўқ.

Энди «Реал»ни мухлислар каби трибунадан туриб, чорак финални тасаввур қилганча қўллаб-қувватлайман», – деб ёзди Рамос.

Қайд этиш керак, 2010 йил ноябрида ЕЧЛ доирасидаги «Аякс» билан ўйинда (4:0) Рамос ва Хаби Алонсо икки марта сариқ карточка олиб, майдонни тарк этишганди. УЕФА бу икки футболчи «Реал»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Жозе Моуриньонинг қистови билан атайин карточка ишлаб олишгани юзасидан текширув ўтказиб, Моуриньога икки ўйинни захира ўриндиғида кузатиш тақиқи қўйилган, Рамос ва Алонсо эса жарима тўлашганди.

Умуман, Серхио Рамос ЕЧЛ тарихида энг кўп марта (38та) сариқ карточка олган футболчи саналади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар