Бугун, 14 февраль куни Андижон шаҳридаги «Олимпия захиралари коллежи» мажлислар залида Ўзбекистон мухлислар клуби вакиллари, «Андижон» футбол клуби мутасаддилари, Вилоят касб-ҳунар таълим бошқармаси вакиллари, Вилоят маҳалла кенгаши аъзолари, ёш футболчилар, «Андижон» футбол клубининг фахрий футболчилари ва клуб фан-клуби аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Вилоят касб-ҳунар таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Бадалов, Вилоят маҳалла кенгаши раиси ўринбосари Дилшодбек Тожибоев, «Андижон» клуби бош директори Ориф Маматказин, клуб спорт директори Исломбек Рустамов, клуб матбуот котиби Одилбек Толипов, фахрий футболчилар - Бахтиёр Ҳамидуллаев ва Рахим Қодиров, шунингдек, клуб фан-клуби аъзолари ва ёш спортчилар қатнашишди.
Йиғилишдан асосий мақсад, спортнинг футбол турини мамлакатимизда кенг тарғиб қилиш, стадионга мухлислар ташрифини ошириш ва уларга кенг шароитлар яратиб бериш, шунингдек, ёш футболчилар фахрий футболчилардан ўзлари учун керакли бўлган маслаҳатлар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Ўзбекистон мухлислар клуби етакчиси Фазлиддин Хожимухаммедов сўзга чиқиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда фан-клублар ўртасида соғлом рақобат юзага чиққани, етакчи фан-клублар орасида андижонликларнинг муҳим ўрни, мухлислик савиясини ошириш учун изланишлар олиб борилаётгани, яқин йиллар мобайнида европалик мухлислар сингари фаол бўлишлари ҳақида айтиб ўтди. Қолаверса, Ўзбекистон мухлислар клуби томонидан клуб фан-клубига бирор маслаҳат ёки ёрдам керак бўлса, ваколати даражасида ёрдам беришлари айтиб ўтилди.
Шундан сўнг, «Андижон» жамоаси фан-клуби етакчиларидан бири Фурқат Иминов жамоа Суперлигага қайтгани фан-клуб аъзоларини хурсанд қилганини, ўз навбатида мухлислар жамоани қўллаб-қувватлаш учун борини беришларини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, «Андижон» клуби вице-президенти Маъруфжон Абдисаломов жорий мавсумдан фан-клубга алоҳида эътибор берилаётганини, бу йил мухлислар клубида янгиликлар жуда кўплигини айтиб ўтди.
Шунингдек, «Андижон» клуби спорт директори Исломбек Рустамов сўзга чиқиб, «Соғлом Авлод» стадионида қилинаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Жумладан, мухлислар учун стадионнинг тўртта нуқтасида фаст-фуд дўконлари, салқин ичимликлар сотадиган дўконлар, жамоанинг расмий кийимларини сотадиган савдо нуқталари қурилаётганини, ҳамкорлар билан биргаликда стадионга вай-фай интернет тармоғи ўрнатилаётгани, буларнинг барчаси мухлислар учун қулайлик сифатида қилинаётгани ҳақида таъкидлаб ўтди.