«Нант» 9-рақамни Сала номига абадийлаштирди
Жума, 08 Феврал
5000

«Нант» клуби ўтган ҳафта авиаҳалокат қурбони бўлган ҳужумчиси Эмилиано Саланинг хотирасига у ўйнаган 9-рақамни муомаладан чиқаришга қарор қилди.

«Нима деяримни билмаяпман! Биз учун бу – катта фожиа. Изтиробдаман. Эмилиано Сало «Нант» тарихида ўз изини қолдирди, шу боис биз унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида 9-рақамни муомаладан олиш истагидамиз», – деб айтган клуб президенти Вальдемар Кита.

Маълумот учун, Сала профессионал фаолиятини Франциянинг «Бордо» жамоасида бошлаган; «Орлеан», «Ньор» ва «Кан» клубларида ижара асосида ўйнаган. «Нант» уни «Бордо»дан 2015 йил ёзида харид қилган эди. Унинг «Кардифф»га ўтган ой амалга ошган трансфери қиймати 15 млн фунтни ташкил этганди.

Эслатиб ўтамиз, 21 январь куни Франциянинг Нант шаҳридан Уэльснинг Кардифф шаҳрига қараб учган самолёт манзилга етишига бир соат қолганида радарлардан йўқолиб қолган эди, унинг қолдиқлари 3 февраль куни Ла-Манш бўғозидан топилди. Самолёт бортида аниқланган жасад 7 февралда Британия Авиация ҳодисаларини текшириш бюроси ва футболчининг қариндошлари ёллаган компания томонидан сувдан олиб чиқилган эди.

Бугун, 8 феврал куни Британиянинг Дорсет графлиги полицияси ҳалок бўлган пассажир Сала эканини тасдиқлади. Шундан сўнг «Нант» ва «Кардифф» клублари, ФИФА ва УЕФА футболчининг яқинларига таъзия билдиришди. Аргентиналик футболчи 28 ёшда эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар