Суперлигага қайтган «Андижон» уй учрашувларини ўтказувчи «Соғлом авлод» стадионида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Ўйингоҳ таъмири учун 11 млрд сўм сарфланиши кўзда тутилган. Ҳозирга келиб аллақачон салмоқли кўламдаги ишлар бажариб бўлинди, деб хабар берилди ПФЛ расмий сайтида.
Ўйингоҳ чимини янгилаш мақсадида аввалги майсалар олиб ташланди. Эндиликда стадион майдонини замонавий дренаж тизими орқали суғориш имконияти пайдо бўлди. Яқин кунлар ичида Ҳолландиядан 120 минг доллар эвазига мутахассислар 5 йилгача яхши ҳолатини сақлаб қолишига кафолат берган янги чим олиб келиб ўрнатилади.
Нидерланд мутахассисларининг таъкидланишича, «Соғлом авлод» стадионига янги чим жойлаштирилганидан 6 кун ўтиб майдонда бемалол футбол учрашувини ўтказиш мумкин. Чимни жойлаштириш ва унинг яхши ҳолатда бўлишини таъминлаш мақсадида ҳолланд мутахассислари 1 ой давомида Андижонда бўлишади ва жараённи назорат этиб туришади.
Шунингдек, трибуна ва футбол майдонини ажратиб турувчи 2.20 м баландликдаги сеткалар эндиликда 1 метр баландликдаги тўсиқлар билан алмаштирилди.
Тез кунларда Хитойдан майдон четига жойлаштириладигана электрон реклама шитлари ва 11.30 х 7.20 м ўлчамдаги замонавий табло олиб келинади.
Қолаверса, стадион трибуналаридаги барча ўриндиқлар янгиланиб, улар клубнинг асосий ранглари – оқ ва кўк кўринишга келтирилмоқда. Шу мақсадда 20 минг дона янги ўриндиқ буюртма қилинган бўлиб, уларни ўрнатиш жараёни бошлаб юборилди.
Стадион ёритиш тизими ҳам янгиланмоқда. Ҳозирга қадар 650 млн сўм эвазига янги чироқлар ўрнатиб улгурилди. Жараён якунлангач, ёритиш тизими талабларга тўла жавоб берадиган ва кечки пайт ҳам футбол учрашувларини бемалол ўтказиш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, клуб маркетинг соҳасини ривожлантириш борасида ҳам иш олиб бормоқда. Режага кўра, «Андижон» клуби маркетинг орқали янги йил давомида 5 миллард сўм атрофида даромад олиш ниятида. Шу боисдан стадион ҳудудида клуб атрибутикалари сотиладиган дўкон фаолиятини йўлга қўйиш борасида ишлар бошлаб юборилган.
Ўйин кунлари стадионга келувчи ишқибозлар учун егуликлар сотиладиган дўкон ҳам фаолият кўрсатиши таъминланади.
«Андижон» клуби Андижон шаҳри ва вилояти бўйлаб клуб атрибутикалари ва ўйинлар учун чипталар сотиладиган 50 дона шохобча ўрнатиб чиқади. Бу орқали ўйинга келиш ниятидаги мухлисларга ўз яшаш жойлари атрофида ҳам учрашув чипталарини ҳарид қилиш имконияти тақдим этилади.
Янги мавсумга қизғин тайёргарлик кўраётган «Андижон» ЎФА ҳузуридаги вилоят болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси билан ҳам шартнома имзолади ва бу орқали академиялар бўйича қўйилган талабни ҳам бажарди.
Шу сабабдан «Андижон» клуби ҳам ўз футболчилари, мураббийлари ва жамоа расмийларини ПФЛ рўйхатидан ўтказиши мумкин.
ПФЛнинг қайд этишича, бундан аввалроқ «Қизилқум»га ҳам ўз футболчиларини Суперлига рўйхатидан ўтказишига рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Миллий олимпия қўмитаси томонидан «Миллий спорт мукофоти – 2018» тақдирлаш маросимида «Ҳудудларда спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» эътироф этилган эди.