Де Хеадан Роббенгача. Ёзда эркин агентга айланиши мумкин бўлган 14 футболчи
Сешанба, 29 Январ
13416

2019 йилнинг ёзида кўплаб таниқли футболчиларнинг шартномалари муддатлари тугайди ва улар эркин агент сифатида бошқа клубларга йўл олиши мумкин бўлади. Қуйида шундай футболчилардан 14 нафари ҳақида сўз юритилади.

Давид де Хеа 
Клуби: «Манчестер Юнайтед» 
Амплуаси: Дарвозабон
Ёши: 28
Трансфер қиймати (transfermarkt): 70 миллион евро

Мавсумнинг биринчи даврасида Давид де Хеа ўз ўйинлари билан катта таассурот қолдира олмади. Жозе Моуриньо истеъфоси арафасида «МЮ» ўтказилган тўплар нисбати бўйича энг ёмон натижалардан бирини қайд этаётганди ва бунда асосий айбдорлардан бири сифатида испаниялик дарвозабон кўрилаётганди. Аммо «Тоттенҳэм»га қарши ёрқин ўйин шуни кўрсатдики, Де Хеа «Юнайтед»га ҳали керак. Футболчининг ўзи ҳам қолишга қарши эмас, The Times маълумотига кўра, у маоши оширилишини талаб қилади. Айни вақтда унинг ҳафталик маоши миқдори 200 минг фунт, у эса ҳафтасига 350 минг фунт олишни истамоқда. Агар унинг талаби қондирилса, испаниялик дарвозабон «қизил иблислар»нинг бошқа бир футболчиси - Алексис Санчес билан бир қаторда АПЛнинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланади.

Антони Марсьяль 
Клуби: «Манчестер Юнайтед» 
Амплуаси: Ҳужумчи
Ёши: 23 
Трансфер қиймати: 60 миллион евро

Эд Вудворт ва «МЮ» раҳбарияти нима билан шуғулланаётгани тушунарсиз. Жамоанинг бир неча асосий футболчисининг шартномаси муддати тугаб бормоқда. Де Хеадан ташқари, Марсиял, Жонс, Эррера, Мата, Андреас Перрейра, Валенсия ва Янг шартномани узайтирмаса, ёзда эркин агентга айланиши мумкин. Валенсия ва Янг 30 ёшдан ошган ва улар ёзда жамоани тарк этиши ҳақиқатга яқин. Қолганлар билан эса шартномани узайтирса бўлади. Жамоа Матага янги битим таклиф қилмоқда, аммо футболчи бир йиллик шартномага кўнмаяпти ва Италиядан бўлиб турган таклифлардан бирини қабул қилиши кутилмоқда. Дармиан эса шартномасини узайтирмаса, «Ювентус»га ўтиши мумкин. 

Марсиял айни вақтда 23 ёшда. У ҳам Моуриньо билан зиддиятга борган футболчилардан бири эди (португалиялик мураббий ушбу ҳужумчини бир сафар машғулотларга кечиккани учун жаримага тортганди ҳам), ҳозир бу аҳамиятга эга эмас. Лекин янги шартнома бўйича ҳозирча янги гап йўқ: «Мен яхши янгиликдан умид қилолмаяпман. Клуб бизга таклиф юборган, аммо бу бизнинг истакларимиз билан умуман мос эмас», деганди ўтган йилнинг декабрида футболчининг агенти Филипп Ламболи. Айни вақтда футболчига Испаниянинг «Севилья» клубидан жиддий қизиқиш мавжуд, аммо «МЮ» бош мураббийи футболчи қолишини истамоқда.

Хуан Мата
Клуби: «Манчестер Юнайтед»
Амплуаси: Яримҳимоячи
Ёши: 30
Трансфер қиймати: 25 миллион евро

5 йил муқаддам футболчи трансфери Англия футболи тарихидаги рекорд трансфер бўлганди. Аммо энди бу 30 ёш арафасидаги футболчи аввалги каби самарадорлик кўрсата олмайди. Бошқа томондан уни «Валенсия» кутмоқда, қолаверса, бу тажрибали футболчини «Барселона», «ПСЖ» ва «Ювентус» каби клублар ҳам ўз сафида кўришни истайди. Жамоанинг янги бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер испаниялик футболчининг ўйинларидан кўнгли тўлмоқда ва уни яна бир мавсум жамоада олиб қолишни истамоқда, Хуаннинг ўзи эса берилган таклифларни кўриб чиқмоқда, у фаолиятини Италияда давом эттиприш ёки Испанияга қайтишни маъқул кўрмоқда.

Аарон Рэмзи
Клуби: «Арсенал»
Амплуаси: Ҳужумкор яримҳимоячи
Ёши: 28
Трансфер қиймати: 12 миллион евро

«Арсенал» сафида 9 йил тўп сурган футболчи янги даврда керак бўлмай қолди. Футболчи ҳамон юқори спорт формасини сақлаб қолаётган бўлсада, «канонирлар»нинг янги бош мураббийи Унаи Эмери унга асосий таркибдан жой бермай қўйди. Испаниялик мутахассис Арсен Венгердан қолган таркибни деярли бутунлай янгиламоқчи, Рэмзи учун эса футбол бозорида талабгорлар кўп. Футболчи «Ювентус» вариантини танлаган. У шу йил ёзида эркин агент мақомида Туринга йўл олиши кутилмоқда.

Адриен Рабьо 
Клуби: «ПСЖ» 
Амплуаси: Яримҳимоячи
Ёши: 23
Трансфер қиймати: 50 миллион евро

Рабьо - катта талант эгаси. Аммо кейинги воқеалар ривожи шуни кўрсатмоқдаки, у фаолиятини «ПСЖ»да давом эттиришдан маъно кўрмаяпти. Кузда ушбу ёш футболчи «Барселона»га ўтиш учун клубида «исён бошлади» ва шартномасини узайтиришдан бош тортди. Бунга жавобан клуб раҳбарияти уни ўринбосарлар таркибига ўтказди, «Барселона» эса уни эмас, Френки Де Йонгни трансфер қилишни маъқул кўрди. Парижликлар клуби бош мураббийи Томас Тухель футболчи билан компромиссга эришмоқчи эди, аммо футболчи ва агентлар музокараларга кўнмади. Энди у ёзда эркин агент мақомида бошқа клубга йўл олади, «Ливерпуль», «Тоттенҳэм», «Челси» ва «Бавария» каби клублар талабгор.

Диего Годин 
Клуби: «Атлетико» 
Амплуаси: Ҳимоячи
Ёши: 32
Трансфер қиймати: 25 миллион евро

Годин - Диего Симеоне жамоаси рамзларидан бири, у «Атлетико»да тўққизинчи мавсумини ўтказмоқда, у агар бир оёғи узилиб тушса ҳам майдонга қолишга тайёр бўлади. Аммо клуб Габи билан бўлгани каби, бу афсонавий футболчисини ҳам қадрламади.

Ўтган йилнинг ёзида «Атлетико»нинг бу ҳимоячисини сотиб олиш учун «Манчестер Юнайтед» кўп уринганди, аммо уругвайлик футболчи Мадрид клубига садоқат изҳор этиб, клубда қолишини билдирганди. Аммо энди у «матрасчилар» клуби билан шартномасини узайтиришга рози эмас, бунга фақат 1 йиллик шартнома таклиф қилингани сабаб бўлди (клуб 30 ёшдан ошган футболчиларга фақат 1 йиллик шартнома таклиф қилади), у ёзда клубни эркин агент сифатида тарк этиши кутилмоқда. Айни вақтда футболчи «Интер» билан янги шартнома бўйича келишиб олгани ва ҳатто бўлажак клуби учун тиббий кўрикдан ўтгани ҳақида хабарлар тарқалган. 32 ёшли футболчи миланликлар билан 2 йиллик шартнома имзолайди ва йилига 4,5 миллион миқдорида маош олади. Шунингдек, 6 миллион евро миқдорида бонуслар берилиши кўзда тутилган.

Давид Луиз 
Клуби: «Челси» 
Амплуаси: Ҳимоячи
Ёши: 31
Трансфер қиймати: 25 миллион евро

Бу футболчи бир йил муқаддам ҳам клубни тарк этиши мумкин эди, у жамоанинг аввалги бош мураббийи Антонио Конте билан «уруш олиб борди» ва асосий таркибдан ташқарида қолди. Маурисио Сарри даврида эса у асосий таркибга қайтди ва жорий мавсумда фақат 1 ўйинда майдонга тушмади, қолган ўйинларда эса 90 дақиқадан ҳаракат қилди. Ўтган ҳафтада «Челси» бразилиялик ҳимоячига 1 йиллик шартнома таклиф қилди, футболчи ҳозирча кам муддатли шартнома учун розилик бермаган. Лекин бошқа томондан, унда Годин билан бўлгани каби бошқа жозибали таклифлар ҳам йўқ (у албатта Бразилияга, илк жамоаси «Палмейрес»га қайтиши учун ҳали эрта). Шундай экан, охир-оқибат у бир йиллик таклифга кўниб, Лондонда қолиши кутилмоқда.

Гари Кэйхилл
Клуби: «Челси»
Амплуаси: Ҳимоячи
Ёши: 33
Трансфер қиймати: 10 миллион евро

Яна бир тажрибали марказий ҳимоячининг шартномаси муддати якунланмоқда. Кэйхилл 33 ёшга чиққан ва Англия терма жамоасидаги фаолиятини ҳам якунлаган. Сарри келгач, Луиздан фарқли равишда у асосий таркибдаги ўрнини йўқотган. У жорий мавсумда АПЛда атиги битта ўйинда иштирок этди. Охирги хабарларга кўра, ушбу футболчига «Астон Вилла», «Монако», «Вест Ҳэм», «Борнмут» ва «Кристал Пэлас» каби клублардан таклифлар мавжуд. У қишки трансферлар якунига қадар шу клублардан бирига арзимас маблағ эвазига трансфер қилиниши ёки ёзда эркин агент мақомида кетиши мумкин.

Оливье Жиру 
Клуби: «Челси» 
Амплуаси: Ҳужумчи
Ёши: 32
Трансфер қиймати: 15 миллион евро

Оливье - ностандарт ҳужумчи, у 9та имкониятни кўкка совуриши ва ўнинчисида товони билан ёки елкаси билан ёки «чаён услуби»да гол уриши мумкин. Кўзини юмиб туриб. У майдонда қора ишларни ҳам бажараверади. 

Лекин франциялик ҳужумчининг ҳам Лондон клубидаги вазияти бошқачароқ. Биринчидан, Жиру Луиздан бир ёш катта, ҳужумчиларнинг ёши аҳамиятга эга, иккинчидан Оливье Премьер-лига ўйинларида фақат захирадан майдонга тушмоқда, у жорий мавсумда атиги битта гол урган. Сарри Жиру унинг талабларига тўғри келмаслиги ҳақида очиқ гапирган, сўзлари исботи сифатида у Италиядан собиқ шогирди Гонсало Игуаинни олиб келди. Бундай рақобат шароитида жамоанинг бошқа бир ёш ҳужумчиси Альваро Мората ҳам «Челси»ни тарк этиб, «Атлетико» сафига бориб қўшилди. Жиру ёзда ўзига янги клуб қидириши керак бўлади. Катта эҳтимол билан у Францияга қайтади.

Арьен Роббен 
Клуби: «Бавария»  
Амплуаси: Ҳужумкор яримҳимочи
Ёши: 35
Трансфер қиймати: 5 миллион евро

У ўтган йилнинг декабрь ойидаёқ жорий мавсум «Бавария» сафидаги охирги бўлиши ҳақида маълум қилганди. 

«Мен бу клубда ажойиб 10 йилни ўтказдим. Келажагим борасида ўйлаб кўраман», деганди 2013 йилги ЕЧЛ финалидаги «олтин гол» муаллифи ва Германиянинг 7 карра чемпиони. Келажакда нима бўлади? Нидерландиядаги нашрлар у ПСВ ёки «Гронинген» клубларидан бирига қайтиши мумкинлиги ҳақида ёзишмоқда. Унда шунингдек, «Интер» варианти ҳам бор. Охирги хабарларга кўра эса, ушбу 35 ёшли футтболчи мўмайгина пул эвазига Япония чемпионатида, «Токио» клуби учун тўп суришга ҳам рози бўлиши мумкин.

Франк Рибери 
Клуби: «Бавария»
Амплуаси: Ҳужумкор яримҳимоячи
Ёши: 35
Трансфер қиймати: 4 миллион евро

Қачонлардир Роббен ва Рибери дунёнинг энг яхши ҳужумкор яримҳимоячилари тандеми эди. Энди эса улар фахрий футболчиларга айланишди. Ўтган йилнинг майида франциялик футболчи «Бавария» билан шартномасини 2019 йилнинг ёзига қадар узайтирганди. Аммо мюнхенликлар энди бу шартномани узайтирмоқчи эмас, клуб спорт директори Ҳасан Салиҳамиджич январь ойида Рибери Мюнхенда қолмаслигини тасдиқлади. Франк Рибери футболдан чарчаган кўринади, у яқинда журналистлар билан можаро марказида қолди. У «Боруссия»дан учралган мағлубиятдан кейин қимматбаҳо ресторанга ташриф буюрганини танқид қилганларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилди. Умуман, у янги клуб топишидан кўра, фаолиятини якунлашга яқинроқ.

Венсан Компани
Клуби: «Манчестер Сити»
Амплуаси: Ҳимоячи
Ёши: 32
Трансфер қиймати: 10 миллион

Компани билан юзага келган вазият - замонавий футболдаги энг оғриқли ҳолатлардан бири. Юқори интеллектга ва жисмоний кўрсаткичларга эга бу футболчини тинимсиз жароҳатлар ҳолдан тойдирди. Компани дунёнинг энг яхши марказий ҳимоячиларидан бири эди, аммо энди унинг фаолияти охирламоқда. «Сити» эса фақат унга ҳурмат юзасидан шартномани яна бир йилга узайтириши мумкин.

Айни вақтда 32 ёшга чиққан Венсан 2008 йилдан буён «шаҳарликлар» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.

Дани Алвес 
Клуби: «ПСЖ» 
Амплуаси: Ҳимоячи
Ёши: 35
Трансфер қиймати: 3 миллион евро

Бразилиялик ҳимоячи футболчилик фаолиятини ажойиб ўтказди. У «Барселона», «Ювентус» ва «ПСЖ» билан жами 40га яқин совринни қўлга киритди. Дани Алвес ҳали Англия чемпионатида ўйнаб кўрмади. Аммо ёзда бу ҳам рўй бериши мумкин, шу йил ёзида унинг «ПСЖ» билан шартномаси муддати тугайди ва у собиқ устози Хосеп Гвардиоланинг ёнига - «Манчестер Сити»га бориб қўшилиши мумкин. Испаниялик мутахассис захира ўриндиғида шундай тажрибали футболчи ўтиришига қарши бўлмаслиги аниқ. 

Жанлуижи Буффон 
Клуби: «ПСЖ» 
Амплуаси: дарвозабон
Ёши: 40
Трансфер қиймати: 1 миллион

Январь ойи охирида ушбу даҳо дарвозабон 41 ёшни қаршилайди. Аммо у ҳамон катта футболда. Жорий мавсумда у «ПСЖ» ўйинларининг қарийб ярмида дарвозани қўриқлади. Парижликлар у билан шартномани яна бир йилга узайтириши ҳам мумкин. Француз нашрларида шундай хабарлар бериб турилибди. Буффон ҳам бунга рози, у Франциядаги ҳаётини ажойиб ўтказмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар