«Кардифф»нинг янги футболчиси чиққан самолёт йўқолиб қолди
Сешанба, 22 Январ
7378

«Кардифф Сити»нинг янги футболчиси Эмилиано Сала Франциядан Уэльсга парвоз чоғида ғойиб бўлди.

L’Equipe нашри хабарига кўра, 21 январь куни футболчи «Нант»даги собиқ жамоадошлари билан хайрлашган ва Уэльсга етиб олиш учун хусусий самолётга чиққан. Аммо PA 46 Malibu русумли самолёт қўнишга тахминан бир соат борлигида, Олдерни ороли яқинида радарлардан йўқолган. Самолёт аэропортга етиб келмагач, уни қидириш учун икки вертолёт ва бир неча қидирув кемалари йўлланган. Айни вақтда Норманд ороллари яқинида қидирув ишлари давом этмоқда.

21 январь куни кечқурун қидирув ишлари об-ҳаво шароити ёмонлашгани туфайли тўхтатилган. 22 январь куни тонгда қидирув ишлари тикланган, аммо ҳозирча самолёт излари топилмади.

«Кардифф Сити» Салани қишки трансферлар вақтида ўз тарихидаги рекорд қийматга - 20,5 млн еврога харид қилганди. Аргентиналик форвард янги клуби билан 2022 йил ёзигача шартнома имзолаганди.

28 ёшли футболчи Франция чемпионатининг жорий мавсуми биринчи даврасида 19 учрашувда майдонга тушиб, 12 гол урган ва 2 голга узатма берганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар