Осиё Кубоги. Бугун нимчорак финалда 3та ўйин
Якшанба, 20 Январ
2891

Бугун, 20 январь куни Осиё Кубогида нимчорак финал ўйинлари бошланади.

Плей-оффнинг биринчи кунида 3та ўйин бўлиб ўтади ва чорак финалнинг дастлабки иштирокчилари аниқланади.

Дастлаб B гуруҳи ғолиби, Австралияни иккинчи ўринда қолдирган Иордания D гуруҳида учинчи ўринни олиб нимчорак финалга чиққан Вьетнамга (вьетнамликлар Ливанга нисбатан битта кам сариқ карточка олгани эвазига плей-оффга чиқишди) қарши ўйин ўтказади. Ушбу ўйин Тошкент вақти билан соат 16:00да, Дубайдаги «Ал Мақтум» стадионида бошланади.

C гуруҳида Жанубий Кореядан кейин иккинчи бўлган Хитой эса чорак финал йўлланмаси учун Таиландга қарши (таиландликлар A гуруҳида БААдан кейинги иккинчи ўринни эгаллашган) майдонга тушади. Бу баҳс Ал Айн шаҳридаги «Ҳазза Бин Зайд» стадионида, Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланади.

Куннинг учинчи ўйини турнир фаворити, D гуруҳида пешқадам бўлган Эрон ҳамда Ўзбекистон билан гуруҳда учинчи бўлган Уммон ўртасида кечади. Бу ўйин Тошкент вақти билан соат 22:00да, Абу Даби шаҳридаги «Муҳаммад Бин Зайд» стадионида бошланиши белгиланган.

Нимчорак финал ўйинлари 21-22 январь кунлари ҳам давом этади. Чорак финал баҳслари 24-25 январь куни бўлиб ўтади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар