O'zbek Ўзбекча
Энг кўп кутилаётган трансферлар бешлиги ва бошқа миш-мишлар
Шанба, 05 Январ
27014

Европада қишки трансферлар даричаси эндигина очилди, лекин ўтган йил охиридаёқ айрим футболчиларнинг қайси клубга ўтиши масаласи ойдинлашиб улгурганди. 1 январь куниёқ «Челси» Дортмунднинг «Боруссия»сидан америкалик яримҳимоячи Кристиан Пулишични 64 миллион евро эвазига трансфер қилди. Фақат бу 20 ёшли футболчи мавсумнинг қолган қисмини ҳам Германия чемпионатида ўтказади.

Қуйида шу январда амалга ошиши мумкин бўлган 5 трансфер бўйича маълумотлар келтирилади.

Сеск Фабрегас – «Монако»
31 ёш; «Челси» билан шартномаси муддати 2019 йилгача

2 январь куни Англия чемпионатининг 21-турида «Саутҳэмптон»га қарши кечган ўйин ушбу испаниялик футболчи учун Англияда ўтказилган 500-ўйин бўлди («Арсенал» сафидаги ўйинлар билан бирга). Барча футболчининг фаолияти чўққидан тушгани ва охирги босқичга яқинлашганини англаб турибди. Фабрегас ўйиндан кейин мухлисларга мурожаат қилди ва уларни шанба куни Англия Кубоги доирасида «Нотингем Форест»га қарши кечадиган ўйинга таклиф қилди. Бу ўйин унинг учун Лондон клуби сафидаги хайрлашув ўйинига айланиши ҳам мумкин. 

Бундай тахминга асос бор. Маурисио Сарри келгач у асосий таркибдан тушиб қолди (мавсумда «Челси»нинг 31 ўйинидан фақат 15тасида қатнашди, шундан АПЛда 5та ўйин, фақат 1 ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушди). Аввалига «Милан»га йўл олиши айтилган футболчига кейинги кунларда навбатдаги харидор чиқди. Миланликлар трансфер қиймати масаласида келишувга эриша олмаган, «Монако» эса мавсумнинг иккинчи қисмини муносиб ўтказиш учун жиддий трансферлар амалга ошириши керак. 

Айни вақтда монегаскликлар 17-ўринда жойлашган ва уларни «хавфли ҳудуд»дан фақат 4 очко ажратиб турибди. Фабрегас эса собиқ жамоадоши Анри билан яна ҳамкорлик қилишга қарши эмас. Франция чемпионатида у иккинчи ёшлигини эслаши ҳам мумкин. У ва жамоадошларининг олдидаги биринчи вазифа қуйи лигага тушиб кетмаслик бўлади. «Монако»га шундай тажрибали футболчи жуда зарур.

Қолаверса «Челси»га россиялик бизнесмен Роман Абрамович, «Монако»га эса бошқа бир россиялик Дмитрий Риболовлев хўжайинлик қилиши бу трансфер амалга ошишини янада тезлаштиради. L’Equipe маълумотига кўра, француз клуби раҳбарияти испаниялик футболчига 2,5 йиллик шартнома, шунингдек, трансферга рози бўлиши учун 10 миллион евро миқдорида бонус таклиф қилган. Футболчининг трансфер нархи 25 миллион еврога баҳоланган, лекин лондонликлар бу футболчини 10 миллион еврога қўйиб юборишга ҳам рози.

«Монако» «Кристал Пэлас»дан ҳимоячи Мамаду Сако, «Челси»дан ҳимоячи Гари Кэйхилл, «Бешиктош»дан Пепе, «Нант»дан Диего Карлос каби футболчиларни ҳам кўз остига олиб қўйган.

Набиль Фекир – «Реал»/ «Барселона»/ «Челси»/ «Бавария»
25 ёш, «Лион» билан амалдаги шартномаси 2020 йилгача

Ўтган қишда бўлгани каби бу сафар ҳам ушбу футболчининг номи кўплаб клублар билан боғланмоқда. Ўтган ёзда унинг «Ливерпуль»га трансфери деярли ҳал бўлганди, аммо мерсисайдликлар клуби раҳбарияти футболчининг ўтмишдаги жароҳатларини ҳисобга олган ҳолда бу трансфер ғоясидан воз кечганди. Фекир бу ҳолатдан қаттиқ ранжиган, интервьюларидан бирида Юрген Клопп жамоаси билан боғлиқ воқеа ўтмишга айлангани ҳақида эслаб ўтганди.

Набилда «Лион» билан шартномани узайтириш варианти ҳам бор. Аммо футболчини «Реал», «Барселона», «Челси» ва «Бавария» каби грандлар ўз сафида кўришни истамоқда. Сарри шахсан ушбу футболчига қизиқмоқда, ўтган қишда «Лион»дан Корентино Толиссони харид қилган ва ишончи оқланган «Бавария» яна бир шундай харид амалга оширишга бел боғлаган (Толиссо жароҳат олиб сафдан чиққани ҳам шундай трансфер заруратини юзага келтирган). Футболчи бир қарорга келиши керак, муҳими танловда адашмаслик.

Фекирнинг инжиқликлари «Лион» раҳбариятини қийин аҳволга солиб қўйган. Агар уни ҳозир сотишмаса, шартномаси муддати якунлай деб қолган футболчи бир йилдан кейин текинга кетиши мумкин. Бу факт эса трансферлар бозоридаги салоҳиятли харидорларни ҳаракатланишга ундайди. Аммо французлар Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида «Барселона»га қарши ўйинларда ўйнатишни истайди. Агар у Месси ва жамоадошларига қарши ўйинларда ўзини кўрсатса, клуб ёзда уни каттагина маблағ эвазига (камида 70 миллион евро) сотиши мумкин бўлади.

«Лион» футболчисини ҳозир сотиш варианти ҳам бор, бу ҳолда келишув мавсум якунида кучга киради.

Аарон Рэмзи – «Ювентус»
28 ёш; «Арсенал» билан шартномаси муддати 2019 йил ёзига қадар

Уэльслик бу футболчи «Арсенал»да пайдо бўлганида 17 ёшда эди. Аммо Лондон клубида Венгер ортидан унинг ҳам даври тугаган кўринади. Рэмзининг шартномаси шу йил ёзида якунланади, аммо футболчи Буюк Британия ҳудудларидан ташқаридаги бошқа клублардан келаётган чақириқларни қабул қилишга тайёр. Унга энг асосий даъвогар Туриннинг «Ювентус» клубидир. Туринликлар клуби спорт директори Фабио Паратичи ҳам футболчига бўлган жиддий қизиқишни расман тасдиқлади. Охирги хабарларга кўра, футболчи бўлажак клуби билан 4 йиллик шартнома бўйича келишувга эришган, унга кўра футболчи йилига 8 миллион евро миқдорида маош билан таъминланади.

Айни вақтда Рэмзига «Бавария», «Интер», «ПСЖ» ва «Реал»дан ҳам қизиқишлар мавжуд.

«Арсенал» бош мураббийи Унаи Эмери эса «Фулҳэм»га қарши ўйинда 15 дақиқа ўйнаб, 1 гол урган футболчиси клубда қолишига умид билдирмоқда. У футболчига кўпроқ ўйин амалиёти ваъда қилган.

Френки де Йонг – «Манчестер Сити»/ «ПСЖ»/ «Бавария»/ «Барселона»
21 ёш; «Аякс» билан шартномаси муддати 2022 йил ёзига қадар

Фекир билан бўлаётган вазият анчадан буён Франки билан ҳам кузатилмоқда. Нидерландиялик вундеркиндга гранд клублар аллақачон жиддий эътибор қаратишган. Ўтган ёзда амстердамликлар клуби раҳбарияти футболчи учун келган беҳисоб таклифларни инкор қилишганди. Ўшанда ҳавбекнинг нархи 7 миллион евро атрофида эди, бугунги кунга келиб эса унинг трансфер қиймати 60 миллион еврога баҳоланмоқда. Ярим мавсумда 8,5 баробар ўсиш.

Энди «Аякс» музокараларда ўз шартларини ўтказиши мумкин. Клуб илк таклифга 75 миллион евролик жавобни қайтарди. «Барселона» эса бу жавобдан чўчиб кетди ва каталонлар бошқа вариантларга юзланишга мажбур бўлди. Аммо жаҳон футболида бунча маблағни осонлик билан тўлайдиган бошқа бир қатор гранд клублар бор, булар биринчи навбатда «Манчестер Сити», «Бавария» ва «ПСЖ». Инглизлар ва французлар молиявий фейр-плей туфайли муаммога дуч келиши мумкин, мюнхенликларнинг вазияти осонроқ. Daily Mail хабарига кўра, немислар гранди де Йонг учун 78 миллион евро тўлашга ва уни клуб тарихидаги энг қимматбаҳо футболчига айлантиришга тайёр. Ҳозирча «Бавария»нинг энг қимматбаҳо футболчиси Толиссо ҳисобланади (41,5 миллион евро).

Охирги хабарларга кўра, «ПСЖ» «Аякс»дан де Йонгга қўшиб ҳимоячи де Лигтни ҳам сотиб олмоқчи. Marca нашри хабарига кўра, парижликлар бу икки ёш футболчи учун 150 миллион евро тўлашга рози (80 миллион евро Френки учун, 70 миллиони эса Маттейсга). Айни вақтда амстердамликлар жамоасининг 19 ёшли сардори Маттейс де Лигтга «Барселона», «Ювентус», «Бавария» ва «ПСЖ» томонидан ҳам юқори даражада қизиқишлар мавжуд.

Адриен Рабьо – «Барселона»
23 ёш, «ПСЖ» билан шартномаси муддати 2019 йил ёзига қадар

Ўтган йилда ушбу яримҳимоячи Франция футболидаги асосий можарони келтириб чиқаришига бир бахя қолганди. Ўшанда у Франция терма жамоасининг ЖЧ-2018 учун рўйхатида асосий таркиб футболчиси сифатида кўрсатилмаганидан норози бўлганди. Кейин эса у «ПСЖ» раҳбарияти билан зиддият келтириб чиқарди ва шартномани узайтиришдан бош тортди. ОАВ парижликлар футболчисини арзимаган 5 миллион евро эвазига «ПСЖ»га сотишга рози бўлгани тўғрисида хабарлар тарқатди. Акс ҳолда французлар футболчини ярим йилдан кейин текинга қўйиб юборишига тўғри келади. Хабарларда айтилишича, каталонлар клуби вакиллари франциялик футболчи билан клубини айланиб ўтган ҳолда музокара ўтказган. «Барселона» эса бу айбловларни рад этиб келмоқда, клубдагилар футболчига қизиқиш ҳақида «ПСЖ»ни икки марта расман огоҳлантиришганини айтишмоқда.

Рабьонинг ҳаракатларидан келиб чиққан ҳолда Томас Тухель уни таркибдан четлатган ва уни таркибга қайтармоқчи эмас. Шундай экан, футболчи шу қишда клубни тарк этиши аниқ. Ҳатто арзимаган маблағ эвазига ҳам.

Шартномаси шу ёзда тугайдиган бошқа футболчилар

Давид Де Хеа - «Манчестер Юнайтед» - 28 ёш - 70 миллион евро 
Антони Марсиял - «Манчестер Юнайтед» - 23 ёш - 60 миллион евро
Андер Эррера - «Манчестер Юнайтед» - 29 ёш - 28 миллион евро
Ёсин Браими - «Порту» - 28 ёш - 26 миллион евро
Диего Годин - «Атлетико» -  32 ёш - 25 миллион евро
Давид Луиз - «Челси» - 31 ёш - 25 миллион евро
Хуан Мата - «Манчестер Юнайтед» - 30 ёш - 25 миллион евро
Эктор Эррера - «Порту» - 28 ёш - 20 миллион евро
Фил Жонс - «Манчестер Юнайтед» - 26 ёш - 20 миллион евро

Теглар

Ўхшаш янгиликлар