Купер машғулотда гол ура олмаган футболчиларга жазо тайинлади (фото)
Жума, 04 Январ
27382

3 декабрь куни Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубоги олдидан БААдаги иккинчи кун машғулотларини ўтказди.

ЎФА матбуот хизматидан маълум қилишларича, машғулот анча жиддий тарзда ўтган. «Мистер» (бош мураббий Эктор Куперни шундай чақиришади) футболчиларга дарвозага зарба йўллашни машқ қилдирган

«Зарбалари голга айланмаган футболчиларга эса жазо тайинлади: 25тадан «отжимания» қилиш. Қайси футболчилар бундай «жазо»га лойиқ топилганини эса айтиб ўтирмайман. Бу жамоанинг ички сири бўлиб қола қолсин», – деб ёзади ЎФА матбуот котиби.

Хабарда айтилишича, машғулот вақтида майдон ишчиларидан бири Эктор Куперни таниб қолган ва котиб билан унинг ўртасида қуйидагича суҳбат кечган:

– Купер?! Терма жамоангиз бош мураббийи Эктор Куперми?
– Ҳа, шундай.
– Купер. Салоҳ. Миср.

«Ҳозирча, Купер деганда кўпчиликнинг кўз олдига Муҳаммад Салоҳ ва Миср терма жамоаси келади. Насиб қилса, миллий терма жамоамиз Осиё Кубогида чиройли ўйинлар намойиш қилиб, яхши натижалар қайд этадиган бўлса, бу иборалар «Купер. Одил. Ўзбекистон!»га ўзгариши аниқ», дея хулоса қилади ЎФА матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, кеча машғулотлар олдидан терма жамоа жойлашган меҳмонхонада ОФК вакиллари билан учрашув бўлиб ўтгани хабар қилинган эди.

Осиё Кубоги эртага, 5 январь куни Абу-Дабида бўлиб ўтадиган БАА–Баҳрайн учрашуви билан бошланади. Бу сафарги турнирда илк маротаба 24та терма жамоа қатнашади. Ўзбекистон «F» гуруҳидан ўрин олган ва илк ўйинини 9 январда Уммон термасига қарши ўтказади. Кейинги турларда Туркманистон (13 январь) ва Японияга (17 январь) қарши баҳслар бўлиб ўтади.

Қуйида 3 январь кунги машғулотлардан лавҳалар келтириб ўтилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар