O'zbek Ўзбекча
«Челси» Пулишич трансферини эълон қилди
Чоршанба, 02 Январ
10115

«Боруссия Д» яримҳимоячиси Кристиан Пулишич ёзда «Челси» аъзосига айланади. Ушбу маълумотни ҳар иккала клуб ҳам расман тасдиқлади.

Маълум қилинишича, клубларнинг ўзаро келишувига асосан 20 ёшли хавбек мавсум охирига қадар «Боруссия»да ижара асосида тўп сурадиган бўлди.

Расмий хабарга кўра, лондонликлар Пулишич учун 64 млн евро тўлайдиган бўлган, ўз навбатида немислар уни бепул асосда ярим йилга ижарага олишган.

«Кристиан доимо АПЛда тўп суришни орзу қиларди. Бу унинг америкалик экани билан ҳам боғлиқ. Натижада биз у билан шартномани узайтира олмадик», – деб айтган «Боруссия» спорт директори Михаэль Цорк.

Пулишичнинг «сариқлар» билан битими 2020 йил ёзида ниҳоясига етиши керак эди.

АҚШ терма жамоаси аъзоси ҳисобланувчи Кристиан «Боруссия Д» академиясига 2015 йилда қабул қилинган. У клубнинг ўсмирлар ва ёшлар жамоасида тўп суриб, 2016 йилда Бундеслигада дебют қилган; асосий жамоада юздан ортиқ ўйинларда майдонга тушган. 2016/17 йиллар мавсумидан эътиборан Пулишич дортмундликларнинг асосий таркиб аъзоси бўлиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «кўклар» бош мураббийи Маурицио Сарри жамоага вингер кераклиги ҳақида гапирган эди. Пулишич айни шу позицияда тўп суради: у ҳам ўнг, ҳам чап қанот вингери ёхуд ҳужумчи ортидаги футболчи сифатида ўйнай олади.

«Батшуайи ва Абраҳамнинг қайтиши варианти? Йўқ, чунки қўл остимдагилардан Азар ҳам марказий ҳужумчи ролини бажариши мумкин. Бу позицияда ўйнай оладиган Мората ва Азар бор, буни охирги 2-3та ўйинда кузатдик. Шундай экан, ҳозир менга яна бир ҳужумчининг кераги йўқ. Эҳтимол, вингер керакдир, чунки Педро, Ҳадсон-Одои ва Лофтус-Чикда жароҳат бор. Ҳозир вингер позициясида танловим қолмаган», – деган Саррининг сўзларини келтирганди The Telegraph.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар