Сервер Жепаров Ўзбекистон чемпионатига қайтади
Чоршанба, 26 Декабр
9039

Бекободнинг «Металлург» клуби ўз сафини маҳоратли футболчилар билан тўлдириб олмоқда. 

Клуб матбуот хизматининг маълум қилишига кўра, Андрей Шипилов бошчилигидаги жамоа Сервер Жепаров билан келишувга эришди. Юртимизнинг энг номдор футболчиларидан бири ушбу клуб сафида янги мавсум тайёргарлигига киришди. Футболчи ҳамда клуб ўртасидаги шартнома Жепаровнинг тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтганидан кейин расмийлаштирилади ва Ўзбекистон профессионал футбол лигасида рўйхатдан ўтказилади, деб хабар беради ПФЛ.

Шунингдек, «Пахтакор» шарафини узоқ йиллар ҳимоя қилган маҳоратли ҳимоячи Камолиддин Тожиев ва «Қизилқум», «Олмалиқ», «Локомотив»даги ўйинлари билан танилган, сўнгги йилларни «Бухоро»да ўтказган Шавкат Муллажонов ҳам «Металлург» билан келишувга эришди.

Айни пайтда «Металлург» таркибида 35 нафар футболчи қатнашмоқда. Бекободликлар машғулотларини Қибрайдаги ўқув-машғулот масканида олиб боришяпти. Дастлабки йиғин 29 декбарь куни поёнига этади. Иккинчи йиғин ҳам Қибрайда 2019 йилнинг 5-25 январь саналари оралиғида бўлиб ўтади. Шундан сўнг «Металлург» хориж йиғинига отланади. Режага биноан учинчи йиғин 27 январдан 11 февралга қадар Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар