O'zbek Ўзбекча
Қишки трансферлар: Ким қаерга ўтиши мумкин?
Чоршанба, 26 Декабр
33100

Январь ойининг биринчи кунида қишки трансферлар даричаси очилади. Декабрь ойининг иккинчи ярмида Европа бўйлаб қайси футболчи қаерга йўл олиши бўйича миш-мишлар урчийди. Қуйида қайси миш-мишлар ҳақиқатга яқинлиги кўриб чиқилади.

Англия

«Реал» клуби яримҳимоячиси Иско жамоанинг янги бош мураббийи Сантяго Солари билан чиқиша олмади ва кўп эҳтимол билан мавсумнинг иккинчи қисмида жамоада бўлмайди. Клуб президенти Флорентино Переснинг вазиятга аралашишга уриниши ҳам фойда бермади, икки томон ҳам ярашмоқчи эмас.

Исконинг номини анчадан буён Англия чемпионати билан боғлаб келишарди. Кейинги ҳафталарда у «Манчестер Сити»га йўл олиши ҳақида хабарлар тарқалди, «шаҳарликлар» вакиллари футболчининг агенти билан музокара ўтказгани айтилди. Аммо якунда City Watch нашри бошқа маълумот тарқатди: «Манчестер Сити» Иско трансфери ғоясидан воз кечди, жамоада шундоқ ҳам бу позицияда кучли футболчилар жамланган. Бу вақтда «Челси» Искони ўз таркибига қўшиб олишга тайёр. Унинг трансфер нархи 78 миллион еврога баҳоланган. 

Футболчига «ПСЖ» ва «Барселона» клублари ҳам даъвогар. 

«ПСЖ» ҳамиша ҳар қандай топ футболчига, агар унинг клуб билан муаммолари юзага келса ёки шартномаси муддати якунланаётган бўлса бир оғиз солиб кўради. Шу туфайли, «ПСЖ» — испаниялик футболчи учун реал вариантлардан биридир. Исконинг «Реал» билан шартномаси 2022 йилга қадар, шартнома бўйича бадал пули миқдори 600 миллион еврога тенг. Шундай экан бу футболчи учун камида 80-100 миллион евро тўлашга ким қодир. Албатта «ПСЖ» эмасми?

«Барселона»га ўтиш орқали Иско Соларидан қасос олиши ҳам мумкин. Лекин бу трансферни мухлислар Луиш Фигунинг «Барселона»дан «Реал»га ўтиши каби қабул қилишлари ҳам мумкин. Иско — «кўк-анорранглилар» ўйин услубига мос футболчи. Унинг техникаси, тўп билан ҳаракатланиши, майдонни кўра билиш қобилияти... Бундан ташқари, футболчининг ўзи ёшлигида айнан «Барселона»га ишқибозлик қилган.

АПЛда «Реал»нинг яна бир футболчисини кутишмоқда.

Зидан бошқарувидаги «Реал»да Иско каби асосий футболчилардан бири саналган Кейлор Навас ҳам Тибо Куртуа келгач, захира ўриндиғига михланди. Коста-Рикалик дарвозабонни Унаи Эмери «Арсенал»да кўрмоқчи.

Футболчида «Боруссия» ва «Ювентус» вариантлари ҳам мавжуд.

Дортмундликлар мавсумнинг биринчи қисмини ажойиб ўтказишди ва ички чемпионатда «Бавария»ни 6 очкога ортда қолдирган ҳолда пешқадамлик қилишмоқда. Қолаверса, ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида биринчи ўринни эгаллаб, плей-оффга йўл олди. Жамоа мавсумни юқори суръатларда якунлаши учун топ-дарвозабонга муҳтож. Шу туфайли немислар Кейлор Навасга эътибор қаратишган.

«Ювентус» эса ёзда Жанлуижи Буффондан айрилгач, унинг ўрнини Войцех Шчесни билан тўлдирган. Польшалик дарвозабон ўз мажбуриятларини ёмон уддаламаяпти, лекин Массимилиано Аллегрига ўз мақсадларига етишиш учун Кейлор Навас савиясидаги дарвозабон керак. Қолаверса, Криштиану Роналду ушбу трансфер амалга ошишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Аммо Навас айни вақтда фарзанд кутмоқда ва унинг қишда қайсидир клубга трансфери умуман амалга ошмаслиги ҳам мумкин.

«Челси» Искодан ташқари Дортмунднинг «Боруссия»сидан Кристиан Пулишични ҳам харид қилишни режалаштирмоқда. Маурисио Сарри ушбу америкалик 20 ёшли футболчининг мухлиси ҳисобланади ва унинг трансфери учун январда 66,8 миллион евро тўлашга тайёр.

Sky Sport Italia ва Rai Sport нашрлари хабарларига кўра, «Челси»га ҳужумчи Гонсало Игуаин ҳам келиши мумкин. «Ювентус»дан 31 ёшли футболчини ижарага олган «Милан» унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олишни истамаяпти, футболчи миланликларни ортиқча маош харажатларидан халос қилган ҳолда Лондонга йўл олиши мумкин.

«Арсенал» январь ойида марказий ҳимоячи ва марказий яримҳимоячи олмоқчи. Лондон клуби «Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Эрик Байи ёки «Челси» ҳимоячиси Гари Кэйхиллни қўлга киритиши мумкин. «Барселона» ўз яримҳимоячиси Денис Суаресни «Арсенал»га таклиф қилмоқда. «Арсенал» таркибини кучайтириши мумкин бўлган футболчилар қаторида «Лилль»да ёрқин мавсум ўтказаётган ивуарлик Николя Пепе ҳамда «Севилья» етакчиси Эвер Банега номлари ҳам бор. Ўз навбатида «Арсенал»ни икки футболчи тарк этиши мумкин, булар Месут Ўзил ҳамда Аарон Рэмзи. Лондонликлар клуби янги бош мураббий Унаи Эмери билан яхши муносабат ўрната олмаган бу футболчиларини қишда яхши таклиф эвазига қўйиб юборишга тайёр.

«Ливерпуль»нинг қишдаги асосий трансфер мақсади - «Брайтон» яримҳимоячиси Паскаль Гроссдир. Юрген Клопп ушбу 27 ёшли германиялик футболчи «қизиллар» жамоасида майдон марказини мустаҳкамлашига ишонч билдирмоқда. Футболчининг тахминий трансфер қиймати - 15 миллион фунт атрофида. Шунингдек, «Ливерпуль»га Менхенгладбахнинг «Боруссия»сидан Торган Азар келиши мумкин. Бу бельгиялик футболчи трансфери учун мерсисайдликлар 29 миллион евро сарфлашга рози бўлади.

Испания

Хориж нашрлари «Барселона» жароҳат олиб сафдан чиққан марказий ҳимоячилари Самуэль Умтити ҳамда Томас Вермален ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар тарқатмоқда. Каталонияликлар «Валенсия»дан Жейсон Мурильони ижарага олиб бўлишди. Турли хабарларга кўра, жамоага «Зенит»дан Бранислав Иванович, «Фенербаҳче»дан Мартин Шкртел ёки «Челси»дан Андреас Кристиансендан бири ҳам келиб қўшилиши мумкин.

«Барселона» «Аякс»нинг ёш юлдузларига ҳам жиддий эътибор қаратган. Каталонлар клуби 19 ёшли ҳимоячи, амстердамликлар клуби сардори Маттейс де Лигтни ва яримҳимоячи Френки де Йонгни сотиб олишга ҳаракат қилмоқда.

«Барселона»га келиши мумкин бўлган яна бир футболчи «ПСЖ» яримҳимоячиси Адриен Рабьодир. Франциялик футболчи парижликлар билан шартномани узайтиришдан бош тортди, клуб январда уни сотиб юборишга рози бўлиши мумкин. Йўқса футболчи ёзда «ПСЖ»ни эркин агент мақомида тарк этади. Ҳозирча уни асосий таркибдан четлаштиришган.

«Реал» эса Дортмунднинг «Боруссия» клубидан Жейдон Санчони харид қилмоқчи. ОАВ маълумотига кўра, 18 ёшли англиялик футболчи трансферига мадридликлар клуби президенти Флорентино Перес шахсан қизиқмоқда. Санчо янги йилда «Қироллик клуби»нинг асосий трансфер мақсади бўлади. The Mirror хабарига кўра эса, «Реал» «Арсенал»нинг шартномаси муддати тугаётган Аарон Рэмзини харид қилиши мумкин. 

«Атлетико» «ПСЖ» ҳужумчиси Эдинсон Кавани билан таркибини кучайтириши мумкин. France Football хабарига кўра, мадридликлар клуби вакиллари уругвайлик футболчи трансфери бораси парижликлар билан музокараларни бошлаб юборган. «ПСЖ» бу ҳужумчини 50 миллион евро эвазига қўйиб юборишга рози бўлади, «Атлетико»га бу футболчини қўлга киритишда «Наполи» ва «Челси» рақобат қилиши мумкин.

«Валенсия»ни Мурильо ортидан ҳужумчи Миши Батшуайи ҳам тарк этиши мумкин. Испан клубида асосий таркибга кира олмаган футболчисини «Челси» «Кристал Пэлас»га ижарага бериб юбориши кутилмоқда. Бельгиялик ҳужумчига шунингдек «Монако»дан қизиқиш мавжуд.

Италия

Бир неча ой давомида Поль Погба «Ювентус»га қайтиши ҳақида ёзилганди. Туринликлар клуби собиқ футболчиси трансфери учун 80 миллион евро тайёрлаб қўйганди. Аммо 18 декабрь куни Жозе Моуриньо «МЮ» бош мураббийлигидан истеъфога чиққач, франциялик футболчи Англияда қолишга қарор қилган.

«Милан» ўрта чизиқни кучайтириш йўлларини изламоқда. «Зенит» яримҳимоячиси Леандро Паредесдан ташқари, «Челси»нинг испаниялик яримҳимоячиси Сеск Фабрегас ҳам Миланга келиши мумкин бўлган футболчилар қаторида. Лондонликлар бу футболчиси учун 12 миллион евро сўрамоқда, итальянлар эса 8 миллион евро бермоқчи. «Милан» «МЮ»дан Маркус Рэшфордни сотиб олиши ҳақидаги хабарлар ҳам Оле Гуннер Сульшернинг Манчестерга қайтиши ортидан барҳам топди.

«Рома» «Генк»дан украиналик яримҳимоячи Руслан Малиновскийни трансфер қилишга бел боғлаган. Бу 25 ёшли футболчини Римга клуб спорт директори Роман Мончи таклиф этмоқда. Унинг тахминий трансфер баҳоси - 11-12 миллион евро атрофида. «Рома» Малиновскийдан ташқари «Янг Бойз»дан Секу Саногони ҳам таклиф қилмоқчи. Бу 29 ёшли ивуарлик футболчи трансфери ғояси ҳам Мончига тегишли.

Германия

2019 йилнинг биринчи кунида «Бавария» «Атлетико»нинг франциялик ҳимоячиси Лукас Эрнандес трансферини эълон қилмоқчи, 22 ёшли футболчи учун 85 милион евро тўламоқчи эди. Аммо охирги хабарларга кўра, жамоадошлари Эрнандесни Мадридда қолишга кўндирган. 

«Бавария» ички чемпионатдаги рақибларини кучсизлантиришда давом этмоқчи. Ёши ўтиб бораётган Роберт Левандовскига муносиб номзод сифатида «РБ Лейпциг»дан Тимо Вернер ҳамда «Айнтрахт»дан Лука Йович номзодлари кўриб чиқилмоқда. Вернер ўз интервьюларидан бирида Лейпцигдан фақат Мюнхенга йўл олишга рози бўлишини айтиб улгурди. Германиянинг доимий чемпионлари шу мавсум охирида клубдан кетишини эълон қилган Арьен Роббенга муносиб ўринбосар сифатида «Боруссия» М яримҳимоячиси Торган Азар, «Боруссия» Д футболчиси Кристиан Пулишич ҳамда «Байер» ҳавбеки Кай Хаверц номзодларини кўриб чиқмоқда. Мюнхенга шунингдек, «Челси» вингери Каллум Хадсон-Одои ҳам келиши мумкин.

ЕЧЛ плей-оффига чиққан «Шальке» эса 5 нафар футболчиси билан хайрлашишга қарор қилган. Умар Маскарель, Йоханнес Гайс, Франко Ди Санто, Бриль Эмболо ва Евгений Коноплянка каби футболчилар трансферга қўйилади. Шу тариқа жамоа маош учун ортиқча юкдан халос бўлмоқчи, масалан Коноплянканинг йиллик маоши миқдори – 5 млн еврога тенг.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар