Евро-2020нинг рекорд қийматдаги соврин жамғармаси эълон қилинди
Шанба, 22 Декабр
6340

2020 йилги Европа чемпионати финал босқичининг умумий мукофот жамғармаси 371 млн евро этиб белгиланган.

УЕФА расмий сайтида маълум қилинишича, финал босқичи иштирокчиларига тўланадиган бу мукофот миқдори Евро-2016 билан солиштирганда 23 фоизга юқори. Франциядаги қитъа биринчилигида айни сумма 301 млн еврони ташкил этган эди.

Евро-2020нинг барча 24та қатнашчиси камида 9,25 млн евро олади. Гуруҳ босқичи давомида жамоалар ғалаба учун 1,5 млн, дуранг учун 750 минг евродан ишлаб олади.  Нимчорак финалга чиққан жамоаларга 2 млн, чорак финал иштирокчиларига 3,25 млн евро тўланса, яримфиналчилар 5 млн еврони қўлга киритади. Ниҳоят, турнир ғолиби 10 млн, финалчи эса 7 млн евро мукофот билан тақдирланади.

Шу тариқа, мусобақада чемпионликни қўлга киритган жамоа, агар гуруҳ босқичидаги учала ўйинда ҳам ғалаба қозонган бўлса, жами 34 миллион евро ишлаб олиши мумкин. Евро-2016да бу миқдор 27 млн.га тенг бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги кўҳна қитъа чемпионати илк маротаба минтақанинг 12та шаҳрида бўлиб ўтади. Турнирнинг яримфинал ва финал баҳслари Лондонда ўтиши белгиланган.

Евро-2020 саралаш босқичига қуръа ташланди

Теглар

Ўхшаш янгиликлар