O'zbek Ўзбекча
«МЮ» Сульшерни янги мураббий сифатида эълон қилди
Чоршанба, 19 Декабр
11600

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти собиқ футболчиси Оле-Гуннар Сульшерни жамоанинг янги бош мураббийи сифатида эълон қилди.

Клуб расмий сайтида хабар қилинишича, 45 ёшли норвегиялик мутахассис жамоани мавсум охиригача бошқариб туради.

Сульшер «МЮ» сафида 1996 йилдан 2007 йилгача тўп сурган ва 366 ўйинда 126 гол урган. У жамоа билан жами 12та соврин қўлга киритган, шу жумладан 6 марта Англия чемпиони, бир марта ЕЧЛ ғолиби бўлган.

У мураббийлик фаолиятини «МЮ»нинг ўринбосарлар таркибини шуғуллантиришдан бошлаган, 2008 йилдан 2011 йилгача Манчестерда ишлаган, 2011 йили эса Норвегияга қайтиб, «Мольде» бошқарувини қўлга олганди. У 2014 йили Чемпионшипда «Кардифф» мураббийи сифатида ишлади ва жамоани 30 учрашувда майдонга бошлаб тушди, кейин яна Норвегияга қайтиб «Мольде»да фаолиятини давом эттирди.

Норвег мутахассисига 56 ёшли Майк Фелан ассистент сифатида тайинланади. У Алекс Фергюсон даврида ҳам узоқ йиллар ушбу лавозимда ишлаган. Мураббийлар штабидан, шунингдек, Майкл Кэррик ва Киран МакКэнна ҳам жой олади.

Эслатиб ўтамиз, 18 декабрь куни «Манчестер Юнайтед» Жозе Моуриньони қониқарсиз натижалар туфайли ишдан бўшатди. Жамоа АПЛ жорий мавсумида 17 турдан кейин 26 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 6-ўринда жойлашган. Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида инглизлар «ПСЖ» билан баҳслашади.

Дастлаб Моуриньонинг ўрнига жамоани мавсум охиригача Майкл Кэррик бошқариб туриши маълум қилинганди.

Кейинроқ клуб матбуот хизматида вақтинча мураббий сифатида бошқа бир собиқ футболчи Оле-Гуннар Сульшер танлангани ҳақида хабар берилди. Аммо тез ўтмай бу хабар ўчириб юборилганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар