O'zbek Ўзбекча
Италия дербисидаги кескин кураш, Рим клубларининг сўнгги дақиқалардаги сусткашлиги – А Серияда тур воқеалари
Душанба, 10 Декабр
4147

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 15-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

ИТАЛИЯ ДЕРБИСИДА «ЮВЕНТУС» ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

«Ювентус» ва «Интер» клублари ўртасидаги Италия дербиси деб номланадиган ўйин қизиқарли ва томошабоп тарзда ўтди. Мухлислар ҳар иккала жамоанинг муросасиз, кескин курашларга бой ўйинини гувоҳи бўлишди.

Биринчи бўлимда «Интер» бироз устунлик қилди, аммо бир неча хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олмади. Иккинчи бўлимда ташаббус «Ювентус»га ўтди ва туринликлар ягона голни уришга муваффақ бўлишди. 66-дақиқада жарима майдонига ҳаводан етказилган тўпни Манжукич боши билан дарвозага йўллади.

«Ювентус» ҳисобдаги кичик устунликни сақлаб қолди ва 43 очко жамғариб, пешқадамликни янада мустаҳкамлади.

Ўйиндан сўнг, туринликлар устози Массимилиано Аллегри ғалабага қуйидагича изоҳ берди: «Интер» ўйинни яхши бошлади. Уларнинг таркибида Жоау Мариу ва Гальярдини яхши ўйнади. Биз уларни ёпиш учун катта куч сарфладик. Иккинчи бўлимда Манжукични чап қанотга ўтказдим, натижада Дибала ўйини бироз яхшиланди. Биз тезкор ўйнаб, рақибга босим уюштира бошладик. Иккинчи бўлимда ташаббус биз томонда бўлди. Ҳали чемпионат якунланмади, аммо мағлубиятга учрамаслигимиз шарт эди».

«Интер» бош мураббийи Лучано Спаллетти мағлубиятга қуйидагича изоҳ берди: «Биз ўйинни яхши ўтказдик, аммо «Ювентус» хатога йўл қўймади. Гол ўтказиб юборгач, ташаббусни бой бердик. «Ювентус» жуда ақлли ўйнади, биз эса афсуски, нодонларча. Кимнидир айблаш жуда осон, бироқ ижобий ҳолатларни ҳам қайд этган бўлардим. Биз тезкорлик билан орқага қайтиб, тўғри ҳимояланишни уддаладик».

Ювентус – Интер 1:0 (0:0, 1:0)
7 декабрь, «Альянц Стэдиум» 
Гол: 1:0 – 66 Манжукич. 
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бонуччи, Кьеллини, Де Шильо, Бентанкур, Пьянич (Джан, 82), Матюиди, Дибала (Дуглас Коста, 72), Роналду, Манжукич.
Интер – Ханданович, Врсалько, Шкриньяр, Миранда, Асамоа, Гальярдини (Кейта Бальде, 70), Брозович, Жоау Мариу (Мартинес, 77), Политано (Валеро, 58), Икарди, Перишич.
Огоҳлантиришлар: Пьянич (6), Бентанкур (54), Перишич (55), Брозович (57).

«НАПОЛИ» АУТСАЙДЕР БИЛАН ИШОНЧЛИ ТАРЗДА ОРАНИ ОЧИҚ ҚИЛДИ

«Наполи» ўз майдонида чемпионат аутсайдери «Фрозиноне»ни қабул қилиб, 4:0 ҳисобидаги йирик ғалабани нишонлади. Польшалик ҳужумчи Аркадиуш Милик баҳсда 2та гол уришга эришди. Унас ва Зелиньски ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйишди. 

Ўйинда неаполлик мухлислар учун яна бир ёқимли воқеа юз берди. Оғир жароҳат олиб, 1 йилдан ортиқ вақт давомида даволанган ҳимоячи Фавзи Ғулом тўлиқ соғайиб, яна майдонга қайтди.

«Наполи» беллашувда бироз кучини аяб ўйнаётгани сезилиб турди. Чунки шу ҳафтада жамоани «Ливерпуль»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйини кутиб турибди. Бу натижадан сўнг, «Наполи» 35 очко билан 2-ўринда бормоқда.

Ўйиндан сўнг, мезбонлар устози Карло Анчелотти ғалабага қуйидагича изоҳ берди: «Албатта бу ўйин билан «Ливерпуль»га қарши баҳсга тайёргарлик кўрдик. «Фрозиноне» ҳимоявий услубда ўйнади, шу туфайли, тезкор урилган гол бизга фойдали бўлди. Жамоанинг ўйинидан мамнунман. Англияга ғалаба учун йўл оламиз».

РИМ КЛУБЛАРИ СЎНГГИ ДАҚИҚАЛАРДАГИ СУСТКАШЛИК ҚУРБОНИ БЎЛИШДИ

Бу тур Рим шаҳри клублари учун омадсиз келди. «Рома» ва «Лацио» ғалаба қозониб турган ўйинларининг сўнгги дақиқаларида гол ўтказиб юбориб, муҳим очколарни йўқотишди.

«Рома» сафарда «Кальяри» меҳмони бўлди ва 2:0 ҳисобида олдинда бораётган ва 2 футболчи кўп бўлиб ўйнаётган бўлса-да, охирги дақиқаларда 2та гол ўтказиб юбориб, ғалабадан маҳрум бўлди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчисида Сау томонидан дарвозага киритилган тўп «Кальяри»ни мағлубиятдан қутқариб қолди.

«Лацио» ўз майдонида «Сампдория»ни қабул қилди. Ўйин 1:1 ҳисобида якунланишга яқин турганида, 1 футболчи кўп бўлиб ўйнаётган римликлар пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 6-дақиқада Иммобиле уни аниқ амалга ошириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо «Лацио»га бу ўйинда ғалаба қозониш насиб этмади. Қўшиб берилган 9-дақиқада «Сампдория» ҳужумчиси Сапонара римликлар дарвозасини ишғол қилиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Бу натижалардан сўнг, «Лацио» 25 очко билан 5-ўринда, «Рома» эса 21 очко билан 8-ўринда бормоқда.     

А СЕРИЯ 15-ТУРИНИНГ БАРЧА НАТИЖАЛАРИ

9 декабрь
Сассуоло – Фиорентина 3:3 (0:0, 3:3)
Голлар: 1:0 – 62 Данкан, 2:0 – 67 Эл-Бабакар, 2:1 – 70 Симеоне, 3:1 – 80 Сенси, 3:2 – 89 Бенасси, 3:3 – 90+6 Миральяс. 
Четлатишлар: Журичич (86, Сассуоло), Миленкович (90, Фиорентина).

Удинезе – Аталанта 1:3 (1:1, 0:2)
Голлар: 0:1 – 2 Сапата, 1:1 – 12 Лазанья, 1:2 – 62 Сапата, 1:3 – 80 Сапата. 

Эмполи – Болонья 2:1 (1:1, 1:0)
Голлар: 1:0 – 10 Капуто, 1:1 – 41 Поли, 2:1 – 80 ла Гумина. 

Парма – Кьево 1:1 (0:0, 1:1)
Голлар: 0:1 – 46 Стемпиньски, 1:1 – 53 Бруну Алвеш. 
Четлатиш: Депаоли (73, Кьево).

Женоа – СПАЛ 1:1 (1:1, 0:0)
Голлар: 0:1 – 15 Петанья, 1:1 – 38, пенальти Пентек. 
Четлатиш: Кришито (11, Женоа).

Милан – Торино 0:0 

7 декабрь 
Ювентус – Интер 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 66 Манжукич. 

8 декабрь
Наполи – Фрозиноне 4:0 (2:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – 7 Зелиньски, 2:0 – 40 Уна, 3:0 – 68 Милик, 4:0 – 84 Милик. 

Кальяри – Рома 2:2 (0:2, 2:0)
Голлар: 0:1 – 14 Кристанте, 0:2 – 41 Коларов, 1:2 – 84 Ионицэ, 2:2 – 90+6 Сау. 
Четлатишлар: Срна (90+3, Кальяри), Чеппителли (90+5, Кальяри).

Лацио – Сампдория 2:2 (0:1, 2:1)
Голлар: 0:1 – 21 Куальярелла, 1:1 – 79 Ачерби, 2:1 – 90+6, пенальти Иммобиле, 2:2 – 90+9 Сапонара. 
Четлатиш: Берешиньски (89, Сампдория).

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ

11 - Кшиштоф Пёнтек (Женоа, 2 пен)
10 - Чиро Иммобиле (Лацио, 2), Криштиану Роналду (Ювентус, 2)
8 - Франческо Капуто (Эмполи, 1), Фабио Квальярелла (Сампдория), Мауро Икарди (Интер, 2)
7 - Марио Манжукич (Ювентус), Дрис Мертенс (Наполи, 1), Лоренцо Инсинье (Наполи), Аркадиуш Милик (Наполи)

А СЕРИЯ 15-ТУРИНИНГ РАМЗИЙ ТЕРМА ЖАМОАСИ

А СЕРИЯ 16-ТУР ЎЙИНЛАРИ

15 декабрь
Интер - Удинезе
Торино - Ювентус
16 декабрь
СПАЛ - Кьево
Сампдория - Парма
Фиорентина - Эмполи
Фрозиноне - Сассуоло
Кальяри - Наполи
Рома - Женоа
17 декабрь
Аталанта - Лацио
18 Декабрь
Болонья - Милан

ҲАФТАНИНГ БОШҚА МУҲИМ ВОҚЕАЛАРИ

«Ювентус» топ-чемпионатлар тарихидаги рекордни такрорлади

«Ювентус» А Серия 15-турининг илк ўйинида «Интер»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, очколар сонини 43тага етди. 

Клуб 15та ўйинда шунча очко жамғариб, бу борада кучли бешлик чемпионатлари орасида рекордчи ҳисобланувчи «ПСЖ»нинг натижасини такрорлади. Қайд этиш керак, «Кекса синьора» 15та баҳснинг 14тасида ғалаба қозониб, фақат октябрь ўртасида «Женоа» билан дуранг ўйнаган. Тўплар нисбати – 32:8.

А Серияда хорижлик мураббий қолмади

«Женоа» клуби Чезаре Пранделли билан шартнома имзолади ва уни бош мураббий қилиб тайинлади.

Натижада, А Серия клубларида бирорта хорижлик мураббий қолмади. Сўнгги 12 йил ичида илк маротаба Италия чемпионати юқори лигаси клубларини фақат маҳаллий мутахассислар бошқармоқда.

А Сериянинг польшалик тўпурари ажойиб сермаҳсулликни намойиш қилмоқда

«Женоа» ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек ўртача ҳисобда бир ўйинда биттадан гол урмоқда: у мавсум бошидан буён Италия кубогининг 2 ўйинида 6та, А Сериянинг 15та ўйинида 11та – жами 17та баҳсда 17 марта рақиб дарвозасини ишғол этди.

Маълумот учун, 23 ёшли футболчи Италияда дебют мавсумини ўтказмоқда. У бунга қадар Польша клубларида ўйнаган, «Женоа» уни шу йил ёзда 4 млн еврога сотиб олиб, 4 йиллик шартнома имзолаганди. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар