«Арсенал» яримҳимоячиси Месут Ўзил қишки трансферлар вақтида клубни тарк этиши мумкин.
TMW хабарида айтилишича, 30 ёшли германиялик футболчи бош мураббий Унаи Эмери билан келиша олмаяпти ва шу боисдан клубини ўзгартириш вариантига йўқ демаслиги эҳтимоли бор.
Аввалроқ Ўзилга Миланнинг «Интер» клуби қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Маълумот учун, Месут айни пайтда белидаги жароҳатини даволаш билан банд. У бугун «Ҳаддерсфилд»га қарши кечадиган ўйинни ҳам ўтказиб юборади. Ўзил АПЛнинг бундан аввалги қаторасига тўртта ўйинда ҳам жамоага ёрдам бера олмаган эди.
10-рақам эгаси АПЛнинг бу мавсумида 10та ўйин ўтказиб, 3+1 маҳсулдорлик натижасига эришди. Унинг шартномаси 2021 йил ёзигача амал қилади.
«Арсенал» - «Ҳаддерсфилд» баҳси бугун Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланади.