«Globe Soccer Awards – 2018»: «Барселона» ва Месси номинантлар рўйхатига киритилмади
Сешанба, 27 Ноябр
10876

Европа Клублар Ассоциацияси ва Европа Футбол Агентлари Ассоциацияси «Globe Soccer Awards» талқини бўйича 2018 йилнинг энг яхши футболчиси, мураббийи ва клуби номинацияларида ғолиблик учун даъвогарларни маълум қилди.

Йилнинг энг яхши футболчиси номига Криштиану Роналду («Ювентус», ўтган йилги лауреат), Антуан Гризманн («Атлетико») ва Килиан Мбаппе («ПСЖ») даъвогар этиб кўрсатилди.

Йилнинг энг яхши клуби соврини учун даъвогарлар учлигига эса «Реал» (ўтган йилги лауреат), «Атлетико» ва «Ливерпуль» жамоалари киритилган.

Шу билан бирга, йил мураббийи деб эътироф этилиши мумкин бўлган мутахассислар номи ҳам эълон қилинди. Мукофотга Дидье Дешам (Франция терма жамоаси бош мураббийи), Диего Симеоне («Атлетико»), Юрген Клопп («Ливерпуль»), Массимилиано Аллегри («Ювентус») ва Зинедин Зидан («Реал»нинг собиқ устози, ўтган йилги лауреат) номзодлари қўйилган.

Маълумот учун, ЕКА ва ЕФАА таъсислигидаги «Globe Soccer Awards» мукофотлари 2010 йилдан буён топшириб келинади. Илк марта учта йўналишда энг яхшиларни аниқлаган ташкилотчилар ҳозирга келиб 15га яқин номинацияда лауреатларни тақдирлайди.

2018 йил учун мукофотлар 3 январь куни Дубайда ташкил этиладиган Gala Dinner`да ўз эгаларига топширилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар